...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўтаётган ҳафтада назаримиздан четда қолган дунё воқеалари таҳлили


15:19, 28.11.2015 Олам
 3 555

Тугаб бораётган ҳафтада Россия-Туркия можароларидан ташқари, аҳамиятга молик бошқа кўплаб воқеалар содир бўлди. Халқаро терроризм чинакамига халқаро босқичга чиқмоқда.

Жаҳон ҳамжамиятининг бутун диққат-эътибори Россия ва Туркия ўртасидаги можаролар билан банд бўлган бир пайтда, дунёнинг турли бурчакларида аҳамияти жиҳатдан ундан қолишмайдиган воқеалар содир бўлмоқда.

Россиянинг Суриядаги ҳарбий операцияларигача энг қайноқ мавзу Украина масаласи бўлиб келаётган эди. Сўнгги кунларда Россия ва Украина ўртасидаги муносабатларнинг янада кескинлашуви кузатилди. Бу галги мавзу газ масаласи.

Яқинда Украинага газ етказиб берувчи “Газпром” компанияси расмий Киев томонидан қиш мавсуми учун ҳеч қандай тўлов амалга оширилмаганини айтиб ўтган эди. "Бизнинг ҳисоб-китобимизга кўра, уларда мавжуд бўлган газ 23 ноябрь куни тугаб бўлди – дейди “Газпром” расмий вакили Сергей Купринов.

Украинанинг Нефтогаз компанияси эса Россиядан бундан буён газ сотиб олмаслигини эълон қилди. Бу орада Украина Жанубий Африка Республикаси билан кўмир сотиб олиш бўйича музокараларни бошлаб юборди. Нефтогаз раҳбари Андрей Коболевнинг фикрича, Киев Россия газини ЖАРдан импорт қилинадиган кўмир ва Европадан сотиб олинадиган газ эвазига қопламоқчи. Газ можароси таъсирида, Киев аҳолиси ҳукумат олиб бораётган сиёсатдан норози бўлиб, шаҳар марказидаги Мустақиллик майдонига йиғилишди. Намойишчилар ҳукуматнинг истеъфога чиқишини талаб қилишмоқда – дея хабар беради vesti.ru.

Яқин шарқда ИШИДга қарши кураш давом этаётган бир пайтда, дунёнинг яна уч минтақасида террористик ҳаракатлар содир бўлди. New York Timesнинг маълумот беришича, Нигериянинг Кано шаҳрида Шиа мазҳабига эътиқод қилувчи мусулмонлар жамоасига ҳужум қилган Боко Ҳарам террорчи ташкилоти аъзоси ўзини портлатиб юборган. Натижада 21 киши ҳаётдан кўз юмган, бир неча одам жароҳатланган. Боко Ҳарам ташкилоти сунний-мусулмон террорчиларни бирлаштирувчи гуруҳ бўлиб, асосан ғарбий ва марказий Африкада фаолият юритади.

ИШИД нафақат Яқин ва Ўрта Шарқда, балки Жанубий Осиёда ҳам фаол ҳаракатлар олиб бормоқда. ИТАР-ТАССнинг хабарига қараганда, Бангладеш пойтахти Дакка шаҳрида содир бўлган учала портлаш учун жавобгарликни Ислом давлати ўз бўйнига олган. Худкушларнинг асосий нишони Шиа мазҳабига эътиқод қилувчи мусулмонлар бўлишган. Мотам маросимига йиғилган 25 мингга яқин инсонлар ушбу хунрезликнинг жабрланувчисига айланган. Портлаш натижасида 12 ёшли ўсмир бола воқеа жойида вафот этган, 100 дан ортиқ киши қаттиқ жароҳатланган.

Сўнгги йилларда АҚШда ҳам террористик актлар кўпайиб бормоқда. Шу ҳафтада Колорадо Спрингс шаҳридаги оилавий клиникада номаълум шахс беморлар ва шифокорларга қарата ўқотар қуролдан ўт очган. Натижада полициячи ва 2 оддий фуқаро дунёдан кўз юмган. 14 киши турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган – дея хабар беради lenta.ru интернет сайти.

Бундан ташқари, Нигерия денгиз соҳиллари яқинида Польшага тегишли бўлган савдо кемаси денгиз қароқчилари ҳужумига учради. Қароқчилар кемани эгаллаб, унинг капитани ва 4 нафар аъзосини гаровга олиб қочишган. Жиноятчиларнинг шахси ҳалигача аниқлангани йўқ. Бу борада Польша ҳукумати вакиллари нигериялик ҳамкасблари билан воқеа юзасидан ҳамкорлик олиб боришмоқда.
Адиз Аҳмедов

Теглар:Украина ИШИД Газпром Нигерия 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!