Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Қонунлари ва бошқа қонуности ҳужжатларда бу ҳақда нима дейилган?
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда мактаб таъмири учун ўқувчилардан пул йиғилиши кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бир неча фарзандли оилалар орасида пул йиғилишидан шикоятлар учраб турибди. Хўш, қонунчиликда бу ҳақда нима дейилган? Ўқувчилардан мактаб, синфхоналар таъмири учун пул йиғиш тўғрими? Мазкур масалалар юзасидан “Qalampir.uz” Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига мурожаат қилди. Вазирлик мутахассислари ижтимоий тармоқлар, халқ орасида умумтаълим мактаблари биноси, синфхонаси ўқувчилар ҳисобидан таъмирланиши қонунчиликда белгиланмаганини урғулаб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Қонунлари ва бошқа қонуности ҳужжатларда бу ҳақда нима дейилганини маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасида “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир” дейилган.
“Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасида жинси, тили, ёши, ирқий, миллий мансублиги, эътиқоди, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, хизмат тури, ижтимоий мавқеи, турар жойи Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қанча вақт яшаётганидан қатъи назар ҳар кимга билим олишда тенг ҳуқуқлар кафолатланиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт масалаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Молия вазирлиги ҳузуридаги буюджетдан ташқари умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси ва Олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси негизида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилган.
Мазкур жамғарманинг асосий вазифаларидан бири умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларни, шу жумладан идоравий бўйсунувдагиларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, жумладан, зарур ҳолларда ўқув корпусларини ўқув устахоналари ва лабораториялар билан кенгайтириш, спорт заллари ва майдончаларини, ҳамда бошқа инфратузилма объектларини барпо этиш бўйича ишларни молиялаштириш ҳисобланади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 декабрдаги 961-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тўғрисидаги Низомга мувофиқ, халқ таълими муассасалари бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, жорий ва мукаммал таъмирлаш бўйича ишларни мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш вазирликнинг асосий вазифалари ва функциялари сифатида кўрсатилган.