Қотилликда айбланаётган Эмил Гилмутдинов Алла Волченколарнинг тўнғич ўғли болалар уйида тарбияланиши мумкин.
Қотилликни ўзбекистонлик киши содир этганликда гумон қилиниб, қамоққа олинган эди.
Айбланувчи Эмил Гилмутдинов Алла Волченко билан ижара уйда яшаган. Уларнинг бир ёшли эгизак фарзандлари уйнинг музлаткичидан жонсиз ҳолатда топилганди. Аёлнинг олдинроқ йўқолиб қолган тўнғич фарзанди ҳам шу куни шаҳар кўчаларидан бирида топилган эди...
Бу хабар ОАВларда эълон қилингач, Эмил Гилмутдиновнинг отаси Саловат Гильмутдинов оиланинг тўнғич фарзандини, яъни 2 ёшли Равиль Гильмутдиновни Тошкентга олиб кетишга қарор қилганлиги ҳақида маълум қилган эди.
Шу билан бирга, у ўғлини ўз фарзандларининг қотили эканлигига ишонмаслигини, Эмиль буни Алланинг айбини яшириш учун содир этганлигини таъкидлаган эди.
Сўнгги хабарларга қараганда, 2 ёшли Равиль болалар уйига жойлаштирилади...
Уни бобоси Саловат Гильмутдинов нима учун Тошкентга олиб кета олмаслиги ҳақида болалар омбудсмани Загипа Балиева тушунтириш берди.
Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Равиль жойлашган Олма-отадаги шифохонага келди. Ҳозирча бола бобосига берилмайди.
“...Боланинг бобоси васийлик кенгаши учун зарур бўлган барча ҳужжатларни тўплаши лозим. Кенгаш эса ҳали ўтказилмайди. Боланинг ота-онаси қилган қотилликлари юзасидан суд қарори чиқиши лозим.
Суд қарори чиққанидан кейингина айбланувчиларни расмий равишда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш мумкин бўлади. Шундан кейингина бу масалани кўриб чиқиши мумкин.
Равиль шифохонадан чиққач, болалар уйига жойлаштирилади. У ерда бола билан логопед ҳамда психологлар иш олиб боради.
Агар, кейинчалик боланинг бобоси уни олиб кетмоқчи бўлса, васийлик кенгаши қўядиган барча талабларни бажариши лозим бўлади. Агар қайсидир сабаб билан васийлик кенгаши ижобий жавоб бермаса, бола давлат ҳимояси остида қолади”, дейди Загипа Балиева.
Маълумотларга кўра, боланинг бобоси Саловат Гильмутдинов неварасини васийликка олиши учун Тошкентдаги уйининг ижтимоий жиҳатдан қониқарли эканлигини исботлаши лозим.
Ушбу масала юзасидан қозоғистонлик ҳамда ўзбекистонлик омбудсман биргаликда иш олиб боришади.
Қотиллик қурбони бўлган эгизаклар жасадини Тошкентга олиб келиб кўмиш мумкинлиги ҳақида ҳозирча аниқ маълумотлар йўқ.