НАТО бош котиби Россиянинг Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатларидан хавотирда. У аъзо давлатларни ҳар қандай ҳолатга тайёр туришга чақирди.
У ўз фикрини давом эттириб, ушбу ҳаракатларнинг НАТО расмий вакиллари диққат марказида турганлигини таъкидлаб ўтади Столтенберг. “Шунингдек, яқин келажакда режалаштирилаётган хавфсизлик соҳасидаги тадбирларимиздан бири шарқий ҳудудларда ташкилот фаоллигини кучайтиришдан иборат” – дейди НАТО расмийси.
Шу билан бирга, Брюссельдаги йиғилишда НАТО давлатлари Ташқи ишлар вазирлари ташкилотнинг Европадаги ҳарбий фаолияти шаффофлигини ошириш ва Россия билан муносабатларнинг кескинлашуви хавфини пасайтиришнинг механизмларини ишлаб чиқишни режалаштиришган. “Биз ҳам Россияда кенг тарқалган кутилмаганда бошланиб кетадиган ҳарбий машғулотларни йўлга қўйишимиз керак” – дейди бош котиб.
Бундан олдинроқ, Йенс Столтенберг НАТО давлатларини Россия билан узоқ муддатли кескин муносбатларга тайёр туришга чақирган эди. “Иттифоқ ўзининг коллектив хавфсизлигини кучайтириш юзасидан керакли чора-тадбирларни қабул қилиши керак. Олдимизда турган вазифа НАТО билан рақобат қилишдан кўра, ҳамкорлик фойдалироқ эканлигини Россияга тушунтиришдир” – деган эди у.
“НАТО ва Россия ўртасидаги муносабатлар бизни янги Совуқ уруш даврига олиб келмайди, лекин кучли ҳамкорлик даржасига ҳам олиб чиқмайди. Бизни мўтадил алоқалар кутмоқда. Россия бизнинг стратегик шеригимизга айланиши эҳтимолдан йироқ, аммо бир пайтлар “темир парда” номи билан тарихга кирган эски даврга ҳам қайтмаслигимизга шубҳа йўқ” – дея фикрига якун ясади Йенс Столтенберг.
Умуман олганда, НАТО бош котибининг бу нутқи, Туркия томонидан Россия ҳарбий самолётининг уриб туширилганидан кейин амалга оширилган ҳаракатларга жавобан янграб ўтди. Россиянинг ўз ҳарбий салоҳиятини Яқин Шарқда кучайтириши, НАТОнинг, бевосита АҚШнинг ҳам, хавотирига сабаб бўлмоқда. Яқин Шарқда НАТО ҳарбий ҳаракатларининг пасайиб, Россия фаоллигининг ошиши, биринчи навбатда, иттифоқнинг эски даъволарини қайтаришига мажбур қилмоқда. Россия ва НАТО ўртасида доимий қарама-қаршилик мавзусига айланиб бўлган иттифоқнинг Россияга яқин ҳудудларда ўз ҳарбий кучларини жойлаштириши янгидан авж олмоқда. Бош котибнинг фикрлари Россияга НАТО хавфи ҳали ҳам мавжудлигини эслатиб қўйиш учун янграган бўлса ажаб эмас.
Шу ўринда айтиш жоизки, НАТО дунёда содир бўлаётган сўнгги воқеалар юзасидан умуман жонбозлик кўрсатмаяпти. Бу эса НАТОга умуман хос эмас. Барча НАТОдан Париждаги хунрезликдан кейин қандайдир саъйи-ҳаракатларни амалга оширишини кутган эди. Аммо НАТОнинг амалий ҳаракатларидан умуман дарак йўқ. Су-24 ҳалокати эса НАТОни тўлиқ боши берк кўчага олиб кирди. Ташкилот расмийлари фақат оғзаки баёнот бериш билан чекланиб қолмоқда. Бу ҳолат кўпчиликка ғалатидек туюляпти. Бироқ...
Гар шундаки, НАТО давлатлари тарихда камдан-кам учраб турадиган бир муаммога дуч келишди. Иттифоққа аъзо давлатларнинг Яқин Шарқдаги воқеаларга бўлган фикри ўзаро тўқнашмади, балки бўлиниш юз берди. Биринчи ўринда Франциянинг Россия билан бир коалицияда ҳаракат қилиш ғояси бирон бир аъзо давлатлар томонидан қўллаб-қувватланмади. Кўпчилик айтиши мумкин, НАТОнинг ўзидан ҳеч қандай садо чиқмаганидан кейин Француа Олланд нима ҳам қилиши мумкин эди. Ҳақиқатан ҳам, иттифоқда сўнгги сўзни айтиш ҳуқуқига эга бўлган АҚШнинг бу масалада ўзини четга олиши Францияни Россия билан яқинлашишга ундаган бўлса ажаб эмас. Ахир Олланд Москвага боришдан олдин, Барак Обама билан учрашган эди-ку. У ерда ўзи учун ёқимли бўлмаган сўзларни эшитганидан кейин сўнгги нажот Владимир Путинда қолган эди. Бироқ Олланд Россиядан ҳам рад жавобини олганидан сўнг, уйига қуруқ қўл билан қайтиб кетишга мажбур бўлди. Туркиянинг Су-24 ҳарбий кемасини уриб тушириши Француа Олланднинг Россияга ташрифи билан қарийб бир вақтда содир бўлди ва кимдир ўзи режалаштирган мақсадига етди: Франция Россия билан ҳеч қандай келишувга эриша олмади.
НАТОнинг яна бир муҳим аъзоси бўлган Буюк Британия эса Яқин Шарқда ўзи якка тартибда ҳаракат қилишни афзал кўрмоқда. Бундан икки мақсад кўзланган эди: биринчиси, Британия учун НАТО доирасида ҳаракатланиш унга ортиқча ғалва олиб келиши мумкин. Иккинчиси, Британиянинг ўз номидан террорчиларга қарши кураши дунёдаги мавқеини кўтарилишига сабаб бўлиши мумкин. ИШИДга қарши курашаётган давлатлар рўйхатида Буюк Британия Россия билан бир қаторда турибди.
Иқтисодий инқирознинг оқибатлари ва қочқинлар муаммоси билан кўмилиб ётган Германия ҳалигача террорчиларга қарши курашиш ёки курашмаслигини обдон ўйлаб кўришни афзал кўрмоқда. Бироқ Европада қочқинлар муаммосини ҳал қилишнинг ечими айнан Яқин Шарқда жойлашганлигини Германия ҳукумати яхши англамоқда. Шунинг учун ҳам ҳозирда бу борада чора-тадбирлар кўриш бўйича Бундестагда музокаралар авжига чиққан.
Россиянинг дунёдаги ўз ҳарбий салоҳиятини ошириб бориши, НАТОнинг Шарқий Европада ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларини жойлаштириш мавзусининг қайта жонланишига сабаб бўлмоқда. Россиянинг Қрим ва Яқин Шарқдаги фаоллиги НАТОни фақат сўзда эмас, балки амалда ҳам зарурий саъйи-ҳаракатларни амалга оширишга ундаши мумкин. Чунки шу пайтгача НАТО расмийлари фақатгина ўз баёнотларида бу ҳақда айтиб ўтишган, холос, амалга оширилган амалий ишлар эса кенг кўламли бўлмаган. Шунинг учун ҳам бу сафар НАТО ўз сўзини амалда исботлаш учун барча ишни қилишга тайёр бўлса ажаб эмас.