Мухтор Аблязов унга қўйилаётган айбловни туҳмат дея, буни Қозоғистон раҳбари уюштирганига ишора қилмоқда.
2013 йилда Францияда ҳибсга олинган Мухтор Аблязов ўзининг собиқ БТА банкидан деярли 6 миллиард доллар миқдорда пул маблағи ўғирланганликда айбланмоқда. Франциянинг 2015 йилдаги бош вазири Мануэль Вальс уни Украина ёки Россияга юборишга буйруқ берганди. “Сиёсий сабаб туфайли Аблязовни Россияга юбориш ҳақида сўровнома келиб тушган”, деганди Вальс ўшанда.
Франция бу борада Қозоғистон билан келишувга эришмагани учун Мухтор Аблязовни Россия ёки Украинага юборишни маъқул кўрганди.
Ўз навбатида Мухтор Аблязов унга қўйилаётган айбловни тухмат дея рад этмоқда. Аблязов бу ишда Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев “тузоқ” қўйганини айтмоқда. Аблязовнинг сўзларига кўра, Нурсултон Назарбоев уни сиёсий душманга айлантириб, унинг ҳисобидаги бойликка эга чиқмоқчи.
Мухтор Аблязов назорат акциялар пакетига эга бўлган БТА банки 2009 йилда банкрот деб эълон қилинган ва Қозоғистон ҳукумати ҳисобига ўтган.
Прокуратурадан маълум қилишларича, Аблязов ўз банки томонидан бир неча сохта компанияларга кредит маблағи ажратган ва кредит банкка қайтарилмаган.
Мухтор Аблязов 2009 йилда Буюк Британияга қочиб кетган. 2012 йилда Британиядан сиёсий қочоқ мақомида ҳибсга олишга қарор қилинганди, бироқ у яна Францияга қочиб кетган. Ниҳоят, 2013 йилда Францияда қўлга олинган.