Теракт содир бўлган жойнинг сунъий йўлдош орқали олинган сурати тарқалди, президент Франсуа Олланд эса мамлакатда фавқулодда вазият уч ойга чўзилиши ҳақида маълум қилди…
Франциянинг “Le Figaro” нашри ёзишича, қурбонлар сони ошиб, 84 кишига етган.
ОАВ орқали Ниццадаги теракт ҳақида турли хил маълумотлар берилмоқда. Биз улар ҳақида сизни бохабар қилиб боришда давом этамиз.
“Reuters” нашри фалокат айнан қаерда юз бергани тасвирланган сунъий йўлдош орқали олинган суратни намойиш этди. Теракт денгиз бўйидаги “Promenade des Anglais” кўчасида бўлиб ўтган. Фалокат ҳудуди суратда сариқ рангда берилган.
“Euronews”нинг хабарига кўра, Франция президенти Франсуа Олланд бўлиб ўтган теракт туфайли мамлакатда фавқулодда ҳолат режимини уч ойга узайтириш ҳақида маълум қилган.
Шуни айтиб ўтиш жоизки, Францияда бўлган мазкур теракт 2015 йилнинг 13 ноябрда пойтахт Парижнинг ўнга яқин нуқталарида амалга оширилган терактдан роппа-роса саккиз ой ўтиб содир бўлди. Париждаги теракт оқибатида 200га яқин парижликлар ҳамда саёҳатчилар ҳалок бўлган эди. Терракт айнан бир вақтда шаҳарнинг турли жойларида тинч аҳолига ўқ узиш билан бошланган.