...
МЕНЮ
ONLINE TV

Наҳотки! Таркибда Игорь Сергеев ва Александр Лобановлар йўқми?


20:18, 06.11.2017 Спорт
 5 490

Бугун Ўзбекистон терма жамоасининг янги таркиби билан танишиб чиқиб, менда икки хил таассурот уйғонди...

Бироз аввал, футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Рўзиқул Бердиев Бирлашган Араб Амирликлари термасига қарши ўртоқлик учрашувига Ўзбекистонда ўз позициясининг энг кучли футболчиларини жалб қилгани ҳақида хабар бергандик.
 
Тезкорлик билан етиб келган янгилик билан танишиб чиқиб, шахсан менда икки хил таассурот уйғонди...
 
Яъни 23 нафар футболчи 14 ноябрь куни БААга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. Мазкур ўйин ЎФФ янги раҳбариятининг ташкилотчилиги остида ўтказилмоқда.
 
Биласизки, бир неча кун аввал Умид Аҳмаджонов БАА футбол уюшмаси вице-президенти Абдулла Носир ал-Жунайбий билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаганди.
 
БАА билан тузилган янги ҳамкорлик ишлари ҳозирча ўз жойида кетяпти. Шу қаторда ҳакамлар борасида ҳам ўзаро шартномалар имзоланган. Бир сўз билан айтганда, барчаси кўнгилдагидек!
 
Илк таассуротим шундан иборатки, ЎФФ ҳозирда деярли ҳар куни қандайдир фойдали янгилик кашф этмоқда. Деярли ҳар куни, ҳар соатда ўзбек футболи ҳақида янгиликлар эшитишга одатланиб қолдик.
 
Шу кунгача бир нечта қарорлар, янгиликлардан бохабар бўлиб келмоқдамиз. Баъзи ахборотлардан хурсанд, баъзиларидан жуда хафа бўлдик ҳам...
 
Айниқса, Олий Лига жамоалари сонини қисқартирилиши ҳақидаги кутилмаган янгилик кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳа, майли бу ҳақда кейинроқ тўхталиб ўтамиз.
 
Хуллас, ЎФФнинг бошқа мамлакат федерациялари билан ўрнатаётган алоқалари ўзбек футболининг келажагига жуда катта таъсир ўтказишини олдиндан тахмин қилиш мумкин. Ҳозирча БАА ва Қатар билан ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Бу борада ЎФФдан тўхтаб қолмасдан яна изланишлар кутиб қоламиз.
 
Иккинчи таассурот эса умуман терма жамоанинг янги таркиби ҳақида, десам тўғрироқ бўлади.
 
Шубҳасиз, Ўзбекистонда футбол мухлислари терма жамоанинг хоҳ ўртоқлик ёки расмий ўйинларини қолдирмасдан кўриб боришади.
 
Айниқса, водий ва воҳалик мухлисларнинг стадионларда тўлиб-тошиши, астойдил мухлислик қилишини кўриб баъзида майдонга тушиб футбол ўйнаб кетгинг келади.
 
Мухлисларимизнинг терма жамоани танқид қилаётганларини ёки мақтаётганларини тўғри тушунишимиз керак. Ахир футбол мухлис учун ўйналади.
 
Беркитишнинг ҳожати йўқ, Самвел Бабаян даврида Александр Лобанов ва Игорь Сергеев каби футболчилар етарлича ўйин амалиётига эга бўлишди.
 
Лобановни тушунса бўлади, у терма ўйинларида кўзга кўринарли қўпол хатога йўл қўймади. Лекин Сергеев масаласи терма жамоада бошқача роль ўйнар эди. Игорь гол уриш ўрнига майдонда шунчаки “саёҳат” қилиб юришни хуш кўрди.
 
Мухлислар Сергеев ҳаракатларини ҳар бир ўйинда кузатишади ва унинг шаънига яхши сўзлар айтиш ўрнига бошқача муносабат билдиришди.
 
Бунга эса Сергеевнинг доим асосий таркиб билан тушиши ва терма жамоанинг ўзгартирилмас ҳужумчисига айланиб қолиши сабаб бўлди. Игорь энди 24 ёшни қаршилади, уни келажакда ҳали кўплаб ютуқлар кутаётганига ишонамиз.
 


Лекин бу футболчи ўз вақтида ишончни оқлай олмади. Қўпол қилиб айтганда, унда халқаро тажриба етишмади. Якунда Ўзбекистон терма жамоасининг миллионлаб мухлислари ЖЧга боришни бир, икки, уч кишининг хатолари эвазига яна тўрт йил кутадиган бўлишди. Ахир ўйлаб кўринг, тўрт йил кам муддатми? 
 
Ўтган ишга саловат, энди келажак ҳақида фикр юритамиз...
 
Мана, мухлислар бугунги янгиликлар орасида Ўзбекистоннинг БААга қарши таркибида Игорь Сергеев ва Александр Лобановларнинг йўқлигини кўриб, ҳайратлана бошлашди.
 
Нега улар таркибда йўқ?!
 
Асосан маҳаллий футболчиларни терма жамоага жалб этган тажрибали мутахассис Рўзиқул Бердиев Лобанов ва Сергеевни чақирмасликка қарор қилди.
 
Лобанов ўрнини бир неча йиллардан буён терма жамоага қанчадан-қанча фойдаси сингган Нестеров эгалласа, Сергеев ўрнида “Бухоро” жамоасида ўзини ижобий томондан кўрсатаётган Иван Нагаев ҳаракат қилади.
Таассуротимнинг иккинчиси эса айнан шу эди.
 
Терма жамоа мураббийи Рўзиқул Бердиевга янги ишида юқори одимлар тилайман.
 
Қолган футболчиларни кўздан кечириб чиқадиган бўлсак, “Насаф” клубининг олти нафар аъзоси терма жамоага ёрдам бериш учун етиб келган. Олий Лиганинг сўнгги 27-турида “Бунёдкор” дарвозасини чиройли тарзда ишғол қилган “Навбаҳор”нинг ёш иқтидорли ярим ҳимоячиси Азиз Турғунбоев ҳам илк марта шарафли таклифни қабул қилди.
 
Аввал Самвел Бабаян шунчаки рўйхатни тўлдириш учун фойдаланадиган “Қўқон-1912” аъзоси Жавоҳир Сидиқов яна ярим ҳимоячи позициясида ўйнаш учун таклиф олди.
 
“Машъал” дарвозабони Жавоҳир Илёсов гарчи, ўйинда иштирок этмасада, лекин миллий жамоа ҳавосидан баҳраманд бўлиш имкониятига эга бўлади. “Насаф” посбони Санжар Қувватов иккинчи захира дарвозабони вазифасини бажаради.
 
Легионерлар жалб этилмаган таркиб унчалик кучли эмас дерсиз, лекин аслида БААга қарши ўйин асосан Олий Лига футболчиларининг кучи қандай эканлигини бизга яққол кўрсатиб беради.
 
Демак, БАА–Ўзбекистон ўйинида лигалар кураши бўлиши табиий ҳолат. Чунки БАА термаси ҳам ўртоқлик ўйинларида кучли таркибдан фойдаланмаслиги хақиқатга яқин.
 
Асосийси, таркиб яхши тузиб чиқилган, умид қиламизки, барчаси жойида бўлади. Эндиликда фақат ўйин кунини кутиш ва натижани кузатиш ишлари қолди халос.
 
Биз Ўзбекистон футбол федерациясининг ривожланиш ишларини давом эттиришини сўраб, терма жамоанинг бўлгуси ўйинида омадлар тилаймиз!
 
Дарвозабонлар: Игнатий Нестеров (“Локомотив”), Санжар Қувватов (“Насаф”), Жавоҳир Илёсов (“Машъал”).
 
Ҳимоячилар: Рустам Ашурматов (“Бунёдкор”), Ислом Тўхтахўжаев (“Локомотив”), Шерзод Аъзамов (“Пахтакор”), Акмал Шораҳмедов (“Насаф”), Фаррух Сайфиев (“Насаф”), Исломжон Қобилов (“Бунёдкор”), Акромжон Комилов (“Бунёдкор”), Шуҳрат Муҳаммадиев (“Локомотив”).
 
Ярим ҳимоячилар: Отабек Шукуров (“Бунёдкор”), Владимир Козак (“Пахтакор”), Одилжон Ҳамробеков (“Насаф”), Жасур Яхшибоев (“Пахтакор”), Азизжон Ғаниев (“Насаф”), Жавоҳир Сидиқов (“Қўқон-1912”), Достонбек Ҳамдамов (“Бунёдкор”), Азизбек Турғунбоев (“Навбаҳор”), Сардор Мирзаев (“Локомотив”), Баҳром Абдураҳимов (“Насаф”).
 
Ҳужумчилар: Марат Бикмаев (“Локомотив”), Иван Нагаев (“Бухоро”).
 
Эслатиб ўтамиз, БАА миллий терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйини 14 ноябрь куни Ал-Айн шаҳридаги “Халифа Бин Зайд” стадионида бўлиб ўтади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 18:00 да бошланади.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Игорь Сергеев Александр Лобанов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!