34 ёшли Алла Волченко ва 29 ёшли Эмил Гилмутдинов фарзандларининг болаларча инжиқларидан “қутулиш” мақсадида қотилликка қўл уришган.
Бир неча кун аввал Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида эр-хотин бир ёшли эгизак фарзандларини ўлдириб, музлатгичга яшириб қўйганликлари ҳақида хабар берган эдик.
Ижара уйлардан бирида юз берган ҳодиса қўшниларнинг аралашуви сабаб ошкор бўлди. Улар хонадондан таралаётган бадбўй ҳид туфайли полицияга мурожаат қилишган. Полиция вакиллари уйга кирганларида музлатгичда қон изларини кўришган ва унинг ичидан сумкага солинган икки нафар гўдакнинг жасадини топишган.
Болаларнинг онаси —34 ёшли Алла Волченко ва отаси —29 ёшли Эмил Гилмутдинов ўз айбларига иқрор бўлишган. Уларни ҳозирда қамоққа олинган.
Кейинроқ Эмил Гилмутдиновнинг ўзбекистонлик эканлиги маълум бўлди. Унинг отаси Саловат Гильмутдинов марҳум гўдакларни, яъни невараларини Тошкентга олиб келиб, Ўзбекистонда дафн этмоқчи эканлигини айтган эди.
Сўнгги хабарларга қараганда, Саловат Гильмутдинов ўз невараларини Олма-отадаги моргдан олиб кетган. У гўдакларни Ўзбекистонда дафн этмоқчи.
Айтиш керакки, Эмил Гилмутдинов ва Алла Волченколарнинг тўнғич фарзанди ҳам бўлган. 2 ёшли Равиль Гильмутдинов воқеа содир бўлган кунда бедарак йўқолган эди.
Алла Волченко маст бўлганлиги сабабли фарзандини қаерга қолдириб кетганлигини эслай олмаган. Уни бегона одамлар кўчадан топиб олишган.
Бола топилган вақтида қўрқувдан ҳеч нарса дея олмаган. Уни шифохонага олиб кетишган.
Айни вақтда болакай шифохонада. Аммо бобоси Саловат Гильмутдинов уни кўриш учун бормаган. Маълумотларга кўра, у васийлик кенгашига васийлик ҳуқуқини сўраб мурожаат ҳам этмаган.
Аввалроқ, Саловат Гильмутдинов Равилни ўзи билан Тошкентга олиб кетмоқчи эканлигини айтган эди. Болалар ҳуқуқлари бўйича омбудсман болани олиб кетиш учун зарурий чоралар ҳақида маълум қилиб, унгача Равиль болалар уйига жойлаштирилиши ҳақида хабар қилган эди.