Ўзбекистон ўйинини таҳлил қилишга қодир эмасмиз. Нега деганда, бу ўйин таҳлил қилишга арзимади.
Учрашувдаги ягона гол биринчи бўлимнинг 27-дақиқасида Эрон жамоаси аъзоси Жалол Ҳусайний томонидан киритилди.
Ҳа, Ўзбекистон Эронга мағлуб бўлди. Эрон Осиёнинг энг кучли терма жамоаси эканини тан олган ҳолда, бир нарса дейишимиз мумкин: Ўзбекистоннинг ўйинини таҳлил қилишга қодир эмасмиз. Нега деганда, бу ўйин таҳлил қилишга арзимади.
Учрашувдан сўнг Эрон терма жамоаси бош мураббийи Карлуш Кейрош айтганидек, Ўзбекистон терма жамоаси майдоннинг ўзига тегишли қисмида тўпни назорат қилиб, узоқ масофага ҳаводан тўп узатиш билан банд бўлди. Ҳақиқатан ҳам, шунчаки бир бирига тўп узатиш билан “банд бўлди”. Рақиб дарвозасига тўп киритишдек асосий мақсад ёддан чиқди.
Мухлисларнинг ўйиндан кейинги фикрларини эшитишнинг ҳожати йўқ, чунки уларнинг жамоа ўйини тўғрисида қандай фикрда эканини ўзингиз жуда яхши биласиз.
Ўйинни томоша қилиш учун “Бунёдкор” стадионига йиғилган мухлислар Эрон дарвазобонини кўришгандир, бироқ телевизор орқали кўрган томошабинлар рақиб дарвазабонининг ким эканини билишдию, лекин ўзини кўришга улгуришмади.
Буни “Эрон дарвозабонини бирон ким кўрдими? Ҳатто, кўриниши қандай эканлигини ҳам кўрмадим-да...”, дея ижтимоий тармоқларда қолдирилган фикрлар ҳам тасдиқлайди.
Терма жамоанинг ғалаба учун ҳаракат қилгани ҳам бор гап. Бироқ қачонгача кучли жамоалар олдида ожиз қоламиз. Аслида ўзимиз ҳам Осиё футболида юқори ўринда турамиз.
“Бунёдкор”га ташриф буюрган айрим мухлислар ўйиндан эмас, стадионда томошабинлар юзага келтирган муҳитдан қониқиш ҳосил қилгани ҳақида Facebook тармоғида ёзади: “Терма жамоамиз ютқазди, лекин стадиондаги муҳит яхши бўлди. Футболчилар ҳурсанд қилишмади, бироқ мухлисларга офарин”.
Биринчи бўлим якунига яқин терма жамоамиз сардори Сервер Жепаров жароҳат олиб, майдонни тарк этди. Унинг ўрнини жамоамизнинг “сеҳрли таёқчаси”га айланган Александр Гейнрих эгаллади. Унинг майдонга тушиши жамоанинг ҳужумдаги ўйинига бироз ижобий таъсир ўтказди, бироқ ўйин барибир майдоннинг бизнинг дарвоза жойлашган ярмида давом этаверади.
Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ўйин ҳақидаги фикрларини билдирар экан, бу мағлубиятга Одил Аҳмедовнинг майдонга туша олмагани ва Сардор Рашидовнинг ўз даражасида ўйнай олмайтганини сабаб қилиб кўрсатди.
“Муҳим ўйинда, афсуски, омадсиз ўйнадик. Йигитларга сўнгги дақиқаларга қадар курашишгани учун раҳмат айтаман. Одил Аҳмедовнинг йўқлиги бугунги ўйинимизга катта таъсир қилди, ҳужумда вазиятлар кам яратдик. Эрон ҳимояда яхши ўйнади. Бугун мағлубиятга учрадик, аммо ҳали олдинда ўйинлар кўп. Биз кейинги ўйинларда керакли натижаларни қўлга киритишга интиламиз”, дейди мураббий.
Одил Аҳмедов 11 октябрда Хитой термаси билан ўтказиладиган футбол учрашувида майдонга тушиши мумкин.
Олдинда ўтказиладиган ўйинлар кўп. Нима бўлганида ҳам, мухлислар терма жамоага ишонишади ва омад тилаб қолади. Биз эса мухлислар тилаётган омад зое кетмаслигига умид қиламиз.