...
МЕНЮ
ONLINE TV

Мурод Куршун-Чустий: “Ўзбекистоннинг бугунги кунини бобом узоқ кутганди”


14:04, 30.04.2018 Жамият
 10 291

Аэропортдан 3 соатда чиқдик. Тинкам қуриган, қорним оч, юришга ҳам мадорим йўқ эди... Ҳожатхонанинг эшиги йўқлиги учун ундан чиқаётган ёқимсиз ҳид бутун аэропортни тутганди.

Бугун Ўзбекистон ва Туркия учун тарихий сана. Аввал хабар берганимиздек, кеча, 29 апрель куни Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.
 
Азал-азалда ўзбек ва турк халқлари ўзаро борди-келди қилиб келган. Савдо, иқтисодий, маданий ва маърифий ҳамкорлик узоқ тарихга бориб тақалади.
 
Хўш, бугун Ўзбекистонда истиқомат қилаётган турклар, жумладан, Ўзбекистонга ўз маблағларини киритган инвесторлар яратилган шароитлардан розими? Ушбу савол билан “Qalampir.uz” узоқ йиллардан буён Ўзбекистонда истиқомат қилиб келаётган туркиялик тадбиркор Мурод Куршун-Чустийга юзланди.
 
Мурод-Куршун, “IAС group” компанияси вице-президенти:
 
— Алоҳида айтишни истардимки, халқларимиз тарихи, маданиятимиз, қон томиримиз, аждодларимиз, келажак мақсадларимиз уйқаш, қалбимиз қалбимизга туташ. Мен Туркия фуқароси, айни дамда Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган тадбиркор бўлишимга қарамасдан, бу заминни ўз Ватаним, деб ҳеч иккиланмай айта оламан.
 
Менинг ота-бобом руслар Туркистон заминига кириб келган даврларда юртни ташлаб, жон сақлаш учун Афғонистонга, сўнг Туркияга кетишга мажбур бўлишган. Асли келиб-чиқишимиз Наманганга, Чустга бориб тақалади.
 
Бобом Абдурашид Маҳдум Чустий жарроҳ эдилар. Адабиётга, шеъриятга ошуфта бўлганлар, ўзлари ҳам қалам тебратганлар.
 
Бобом ёзган шеърлар, рубоийларда Ватан соғинчи, унинг ишқи шундоқ сезилиб турарди. Биз ана шу руҳият билан улғайдик. У доим “Бир кун Ўзбекистон мустақилликка эришади ва биз кўрмаган ўша ёруғ кунларни сиз кўрасиз, ўшанда, албатта, Ватанга қайтинглар”, дерди.
 
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, оиламиз билан Тошкентга келиб жойлашдик. Туркиядаги шароитни ўша вақтлар эндигина иттифоқ таркибидан ажралиб чиққан Ўзбекистонники билан солиштириш қийин эди.
 
Самолётдан тушгач, автобусга чиқдик. Автобус ўзи юрмас экан, олдида турган юк машинаси шатакка олди. Ўшанда қаерга келиб қолдик, дегандим.
 
Аэропортдан 3 соатда чиқдик. Тинкам қуриган, қорним оч, юришга ҳам мадорим йўқ эди... Ҳожатхонанинг эшиги йўқлиги учун ундан чиқаётган ёқимсиз ҳид бутун аэропортни тутганди. 
 
Куни кеча яна “Тошкент” халқаро аэропортига келиб қўндим. Аэропортдан 18 дақиқада чиқдим. Ҳамма жой тоза, озода, табассум билан кутиб олишяпти. Ўзгаришлар жуда катта, одамлар учун яратилган шароитларни санашга бармоғимиз камлик қилади.
 
Ўтган бир йил ичида туркиялик тадбиркорларга яратиб берилган шарт-шароитлар, виза тизимининг бекор қилиниши эса турк халқини Ўзбекистонга янада яқин этди.
 
Мен раҳбарлик қилиб келаётган “IAС group” компанияси 2009 йилда Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлаган эди. Компания қишлоқ хўжалиги индустриясини ривожлантириш, аграр хўжаликка янги, замонавий технологияларни жорий этган ҳолда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспортга тайёрлаш мақсадида ташкил этилган.
 
Компания ташкил топганида, албатта, ўзига яраша қийинчиликлар, фаолиятимиз қанчалик самара беради, деган саволлар бўлган. Айниқса, валюта конвертацияси кўп йиллар муаммо бўлиб келаётган бу мамлакатда таваккал қилиш қийин эди. Шундай бир шароитда Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар фаолиятига қаратган эътибори сабаб кўплаб маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар олдида турган муаммолар ечилди.
 
Шуни ишонч билан айта оламанки, бугун Ўзбекистонга нафақат саёҳат истагида, балки тадбиркорлик қилиш, инвестиция киритиш мақсадида келаётган ва иш бошлашни режалаштираётган Туркия фуқаролари сони кескин ортиб бормоқда. Бу эса Ўзбекистон – Туркиянинг савдо, иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлигида янги давр бошланганидан далолатдир.
 
Албатта, Ўзбекистон мустақиллик йилларида катта тарихий йўлни босиб ўтди. Амалга оширилган ишлар асрларга татигулик. Турк халқи ўзбекистонликларга доим ҳурмат, чексиз муҳаббат билан қараган, ўзининг қардоши деб билиб келган. Демоқчи бўлганим шуки, бугун Ўзбекистон оламшумул даврни бошдан кечиряпти. Бу миллий ўзликни англаш даври, янги ривожланиш, илдам қадамлар ташлаш замонига уланиб кетяпти. Бу давр осон кечмаслиги, ўзига яраша қийинчиликлар бўлиши табиий. Аммо бу ўзгаришларнинг ортида нурли келажак, бахтли ҳаёт борлиги аниқ.
 
Ишончни оқлаш, берилган имкониятдан тўғри ва унумли, ҳар икки тараф учун ҳам рағбат келтирадиган тарзда фойдаланиш бизнинг бурчимиз. 

Теглар:Ўзбекистон-Туркия Мурод Чустий 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар