
Муниса Ризаева: “Бугундан бошлаб инсонларга бўлган муносабатим ўзгарди – бошқача. Мен ҳам буёғига шунга қараб иш тутаман”.
Бугун эса бундай “фитна”га журналистлар ҳам аралашди. Қайсидир ОАВ вакили ёки бир гуруҳ журналистлар эстрадамизда муносиб ўрин эгаллаган Райҳон ва Муниса Ризаева ҳақида хабар тарқатди. Эмишки, уларнинг видеоклиплари энди “Миллий ТВ” телеканали орқали намойиш этилмасмиш, яъни бу икки хонанданинг клиплари тақиққа учраган. Бу хабар тарқалиши билан хонандалар билан боғланишга ҳарқанча уринмайлик, имкони бўлмади.
Бир неча соат аввал, Муниса Ризаева бу хабарларга ўзининг “Instagram”даги саҳифаси орқали расман муносабатини билдирди. Муниса Ризаева қолдирган постни, имловий хатоларини тўғирлаб, эътиборингизга ҳавола этамиз:
“Миллий” телеканали эфиридан Райҳон ва Муниса Ризаеванинг клиплари олиб ташланди, деб ҳамма жойда шов-шув бўлиб кетди! Ҳаммаси ёлғон! Кимга бу пи-ар керак эди? Ҳай журналистлар, ахир сизлар халққа тўғри маълумот беришингиз керак-ку! Нима қиласиз алдаб? Бизнинг клипларимиз ва ашулаларимиз ҳамма жойда, худога шукур, “айланиб турибди”. Бугун мен ва Райҳон одамларнинг ёзган изоҳларини ўқиб ҳайратландик. Сизлар бизларни шунчалик ёмон кўрасизларми? Эрталабдан кечгача биз санъаткорлар ухламасдан мухлисларимиз учун ижод қилсак, наҳотки шунча меҳнатимизни ҳар хил ҳақоратлар билан интернет тармоғи орқали ёмон изоҳлар қолдиряпсизлар. Кўрмасдан туриб, бировга туҳмат қилиш бу катта гуноҳ ҳисобланади. Ҳар бир инсон у дунёда ўзи учун жавоб беради. Биров бировни ғийбат қилиб, муҳокама қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ўзбеклар меҳр-оқибатли ва меҳмондўст халқ, лекин бу ҳар хил гапларни ёзиб қолдираётган инсонларни мен ўзбек, деб айта олмайман. Афсуски, бировнинг ютуғини кўра олмайдиганларнинг ўйлаб топган гаплари буларнинг ҳаммаси! Мен ишонаманки, бизнинг асл мухлисларимиз бунга аҳамият беришмайди. Бугундан бошлаб инсонларга бўлган муносабатим ўзгарди – бошқача. Мен ҳам буёғига шунга қараб иш тутаман. Афсус... афсус... афсус...”.
Ҳа, афсуслар бўлсинки, Райҳон ва Муниса Ризаева мухлислар томонидан анчагина танқидларга учраган кўринади. Аммо Муниса Ризаева қайд этганидек, асл мухлислар ҳеч қачон турли гап-сўзларга ишонмайдилар, улар севимли хонандаларининг қўшиқларини тинглашда давом этадилар.
Мисс Муниса айтаётган журналистлар, афсуски, нафақат ўзларини, балки бошқа ОАВ вакилларини ҳам ноқулай вазиятга солишаётганини таъкидлаш зарур. Журналист ҳақиқатнигина ошкор қилишга ҳақли. Тўғри, маълумот етказиш бизнинг вазифамиз. Ҳозирча айнан қайси журналист ёки ОАВ орқали турли миш-мишлар тарқалганидан хабаримиз йўқ. Лекин аниқ фактларсиз тарқатилган бундай маълумотлар оқибатлари ҳақида ўйлаш зарур эди. Масаланинг яна бир тарафи ҳам бор, аслида. Шу ўринда бизни бир савол ўйлантирди: балки бу хонандаларнинг ўзлари ўйлаб топган навбатдаги “пи-ар” йўлидир? Албатта, бу саволга аниқ жавоб бера олмаймиз. Бу шунчаки тахмин, холос.
Муниса Ризаева ва Райҳон шу кунларда биргаликда куйлаган дуэтига видеоклип тайёрлашмоқда. Клип яқин кунларда мухлислар эътиборига ҳавола этилиши ҳақида хабар берган эдик. Хонандаларга турли гап-сўзлар, изоҳларга эътибор бермасликларини айтиб, ижодий парвозлар тилаймиз.