Компаниядаги раҳбарлик лавозимларини эртага ким эгаллашини тахмин қилиш имконсиз-ми?
Энг сўнгги янгиликлардан сўз очадиган бўлсак, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Хайрулла Нуриддиновнинг яна компания раисининг биринчи ўринбосари лавозимига қайтгани бўлди. Куни кеча унинг “Ўзбекистон” телеканали директорлигига тайинлагани ҳақида маълумотлар тарқалганди. Нуриддиновнинг ўрнига ўтирган Баҳодир Юнусовнинг тақдири ҳозирча номаълум.
Яна бир қайноқ ўзгариш – Нодир Тўлагановнинг янги ташкил этилган “Ўзбекистон 24” телеканалига раҳбар бўлганлигидир. Ваҳоланки, унинг ТВ оламини тарк этганига ҳеч қанча вақт бўлмаган эди. Катта ниятлар билан янги телеканалга директор бўлган Озод Ҳамидхўжаев эса хали ўз ишидан завқ олиб улгурмасдан “хонасидан чиқиб кетишга” мажбур бўлди.
Шунингдек, техник масалалар бўйича раис ўринбосари этиб, ушбу лавозимни бир мунча вақт илгари тарк этган Нусрат Ҳикматулаевнинг яна ўз курсисига қайтаётгани хақида миш-мишлар ҳам йўқ эмас. Агар бу рост бўлса, қадрдон касбига яқинда қайтган Шуҳрат Расуловнинг вазифаси яна сўроқ остида қолади.
Хуллас, МТРКдаги ўзгаришлар яна қанча давом этишини тахмин қилиш мушкулга ўхшайди. Шундай экан, янги раис Бобур Алихоновга сабр, бардош ва сокинлик тилаб қолишдан бошқа иложимз йўқ.
Ўзгаришлар тиниб, ҳар бир чойнак ўз қопқоғини топиб бўлганидан кейин, мавзуга яна қайтамиз. Ва ўшанда насиб қилса, бир пиёла чойдан хўплаб ҳаммаси ҳақида бафуржа суҳбатлашамиз.