...Ўғирланганига бир соат бўлмасдан киссавурларнинг “телефон тузатувчи” шериклари уни “сотувга тайёр” қилиб қўйишганди!
Кун сайин янги дастурлар қўшилиб, такомиллашиб борганлиги сабабли мобил телефон аппаратлари — энг харидоргир маҳсулотлар сирасига киради.
Аммо, ушбу маҳсулот ёрдамида чўнтагини тўлдираётган айрим қўштирноқ ичидаги шоввозлар фаолиятининг “занжирли тизимини” ҳақида аввалги мақоламизда сўз юритган эдик.
Тўғри, ОАВ лари жиноятчиликни бартараф этолмайди, унинг вазифаси — у ёки бу муаммога жамоатчилик эътиборини қаратишдан иборат.
“Телефон ўғирлаш “бизнес”нинг янги турими?” номли мақола эълон қилингандан сўнг таҳририятнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларига жуда кўплаб фикр-мулоҳазалар, таклифлар келиб тушгани рост. Бироқ бу билан муаммо ўз ечимини топди, деб айтиш мушкул.
Сабаби, ушбу “занжирли бизнес” нинг жабрини тортган фуқаролар ҳали анчагина...
Дилшода Аввалбоева, талаба:
– Бир неча йиллар илгари мен таҳсил оладиган академик лицей ёнидаги бекатда телефонимни ўғирлаб кетишди. Дарров курсдошларимни ёрдамга чақирдим. Улар чамаси 17–18 ёшдаги ўғри йигитни ортидан қувиб кетишди.
Киссавур қўлга тушганидан сўнг ҳуқуқ- тартибот органи ходимларига хабар бердик. Тинтув жараёнида телефоним топилмади. Ўша йигит ўғрилик содир этган пайтнинг ўзидаёқ, мобил қурилмани шерикларига бериб юборган экан.
Шундан маълум бўлдики, ўғрилар гуруҳ бўлиб ишлашар, кимдир мобил қурилмани ўғирласа, яна кимдир уни бозорга етказиб берар экан.
Хуллас, киссавур айбига иқрор бўлди ва тезда қўнғироқ қилиб телефонимни олиб келишни буюрди.
Ажабланарлиси шундаки, бир йил ишлатган телефон аппаратим янги бўлиб қолган эди. Аввалига бу менинг мобил қурилмам эканлигига ишонмадим. Аммо телефон серия рақами ҳужжатдагиси билан бир хил чиқди.
Ўғирланганига бир соат бўлмасдан киссавурларнинг “телефон тузатувчи” шериклари уни “сотувга тайёр” қилиб қўйишганди!
Кўрдингизми, мобил аппарат ўғрилари — уюшган жиноятчилик аъзолари! Уларнинг “чалғитувчи”, беҳосдан “туртиб ўтувчи” ёрдамчи шериклари бор. “Телефон тузатувчи” ва “сотувга тайёрловчи” шериклари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
Ўғрилар ўзларига нисбатан шубҳа уйғотмаслик учун қуйидаги усулдан фойдаланишади. Айтайлик, агар киссавур мобил қурилмани Чилонзор туманида ўғирласа, бошқа туманда, масалан Юнусобод ёки Сирғали туманида сотади.
Ўғирланган телефонларнинг “энг харидоргир жойи” эса Янгиобод бозори ҳисобланар экан...
Суриштириш давомида йўлимиз “Янгиобод бозори” деб номланувчи муқаддам фойдаланилган маҳсулотларнинг олди-сотдиси билан шуғулланувчи мажмуа томонга бўлди.
Буни қарангки, сотувда қалашиб ётган юзлаб мобил қурилмалардан бор-йўғи бир нечтасининг асл ҳужжатлари бор.
Бозорга гўё телефонимизни сотмоқчи бўлган кишидай бўлиб бордик. Унинг ҳужжатини сўраб ҳам ўтиришмади! Бу ўғирланган телефонми ёки топиб олинганми? Бунинг заррача аҳамияти йўқ!
Улар ушбу “занжирли тизимнинг” олтин қоидасига мувофиқ “Мендан кетгунча, эгасига етгунча” қабилида иш кўришади. Шу йўсинда мазкур “механизм” узлуксиз тарзда ишлаб келмоқда.
Келинг, яна бир кишини мазкур мавзуга доир суҳбатга тортайлик...
Асқар Йўлдошев, талаба:
– Ўтган йили Янгиобод бозоридан телефон харид қилдим. Мобил қурилмани ишлатганимга бир ҳафта ҳам бўлмасдан ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари қўнғироқ қилишди.
Харид қилган телефонимнинг собиқ эгаси уни ўғирлатиб қўйгани учун улар мени гумондор шахс сифатида чақиришди. Сотиб олаётганимда шеригим борлиги ва кимдан харид қилганимни кўрсата олганим учун бу вазиятдан осон чиқдим.
Акс ҳолда жиноий жавобгарликга тортилишим ҳам мумкин эди... Телефонни эса йўқотган эгасига қайтардим.
Мана Сизга хулоса, азиз мухлис. Ўйланиб қоласан киши, аслида бундай “шоввозлар” нинг кўпайиб кетишига ўзимиз айбдор эмасми?
Мобил қурилма сотиб олаётган харидор мобил қурилманинг арзон нархига “учмасдан” унинг ҳужжати, яроқлилик муддати билан қизиқганда эди, балки бу каби жиноятлар анча камайган бўларди.
Тирикчилик илинжида ҳалол меҳнат ўрнига кишиларни тунаб, уларнинг қарғишига қолиб, ҳаром-хариш билан фарзандларини боқаётган “ўғрилар”га битта мақол кифоя — ўғри ўғирлаб йўлга тушар, бир кун келиб қўлга тушар!
Мобил телефон ўғрилари “тизими”га қачон барҳам берилади? Бу жиноятчиликни камайтиришнинг, йўқотишнинг иложи борми ўзи?
Мобил қурилмаларни тузатувчи айрим нопок шахсларга қандай курашиш мумкин? Жиноятга мойил ёшларни “раҳбатлантираётган” аслида улар эмасми?
Таҳририят мазкур мавзуга яна қайтади. Ўз фикр-мулоҳазаларингизни, таклифларингизни юборишингиз мумкин.