
Куни кеча яккаю ёлғиз қизини узатган Мирзабек Холмедовнинг вафот этгани ҳақида шубхабарлар тарқалди.
1961 йилнинг 13 декабрида Тошкентда таваллуд топган Мирзабек Холмедовни отаси “артист” деб чақирарди. Оиладаги 11 фарзанднинг тўққизинчиси бўлган сўз устасининг отаси темир йўлда проводник бўлиб ишлаган.
Ҳаёт билан видолашув чоғида оила бошлиғи барча фарзандларини бирма-бир чақирди. Бироқ, шундай чоғда ҳам Мирзабекка ўз исми билан эмас, “артист” деб мурожаат қилган экан. Бу воқеаларни Мирзабек Холмедов баъзан кўзида ёш, баъзан табассум билан хотирлайди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мирзабек Холмедов 1987 йилда оила қурди ва 3 ўғил ва 1 қизнинг отаси бўлди.
Сўз устаси ижодий фаолияти давомида ўзини киноактёр сифатида ҳам синаб кўрган. “Алиф ва Лайло”, “Олтин девор”, “Кўзларим йўлингда”, “Муҳаббат синовлари-1”, “Муҳаббат синовлари-2”, “Улфатлар-1”, “Улфатлар-2”, “Улфатлар-3” каби қатор фильмларда роль ижро этган. Шу билан бирга, актёр қатор мультфилмларга ҳам овоз берган.
Қаҳрамонимиз 1989 йилдан буён ҳар йили ўзининг концерт дастурини тақдим этиб келади. Юртдошларимиз уни Обид Асомов, Собит Асомов, Тўҳтамурод Азизов, Ботир Муҳаммадхўжаев, Матёқуб Матжонов каби ҳамкасблари билан “Кўзгу” театрида бир саҳнада ижод қилган кезларини жуда яхши эслашади.
Мирзабек Холмедов рафиқаси Ферузахон ҳақида жуда илиқ сўзларни айтади, ундан миннатдор эканини яширмайди. ОАВга берган интервьюларида у раҳматли волидасига меҳр кўрсатган, ҳаётининг яхши-ёмон кунларида ёнида тура олган, унга 4 та фарзандни ҳадя этган рафиқасига ташаккур айтган. Бу йил уларнинг турмуш қурганларига ҳам 29 йил тўлди.
Куни кеча яккаю ёлғиз қизини узатган Мирзабек Холмедовнинг вафот этгани ҳақида шубхабарлар тарқалди. Кўп ўтмай буларнинг барчаси ёлғон экани маълум бўлди. Шундай вазиятда ҳам Мирзабек Холмедов ўзини оғир-вазмин тутишга, кўз юмишга ҳаракат қилди.
Мирзабек Холмедов ўзини хонанда сифатида ҳам синаб кўрган. Унинг концерт дастурларида кулдириш баробарида инсонни ўз ҳаёти, ота-онаси, яқинлари, фарзандлари ҳақида, қилаётган ишлари, атрофдагиларга бўлган муносабати ҳақида ўйлаб кўришга ундайдиган саҳна кўринишлари, қўшиқлар ҳам омма эътиборига ҳавола этилади.
Қўшиқларни сўз устасининг ўзи куйлайди. Бугунги кунгача Мирзабек Холмедов 500 дан ортиқ ана шундай, турли мавзудаги қўшиқларни ижро этган.
Сўз устаси 2017 йининг апрель ойида навбатдаги концерт дастурини бериши кутилмоқда.
Холмедов ижодига эътибор қаратсак, ташқаридан бачкана, айрим латифаларини оила даврасида эшитиб бўлмайди, деган гаплар қулоғимизга чалинади. Бироқ Мирзабек Холмедов ўз фаолиятини жуда қийин даврларда бошлаган ва бугунги кунгача етиб келиб, халқ кўнглидан жой олиши осон кечмаган. Ҳар бир чиқиши, саҳна кўриниши, латифаси ортида қанчадан-қанча меҳнат ётганини кўпчилик назарига илмайди. Тўғри, санъаткор буларни айтишга, миннат қилишга ҳақсиз. Бироқ мухлис уни қадрлай билса, албатта, шунга яраша жавоб олади, санъаткор ҳам энг яхши нарсасини тортиқ этади.
Юқорида таъкидлаганимиздек, Холмедов фақат кулдирмайди. У қандай йиғлатишни, юрагимизнинг қаерига найза санчишни, виждонимизда ғалаён уйғотишни яхши билади. Ота-она, дўст-биродар, ака-ука мавзуларидаги чиқишлари баъзан кўзимизни намлатиб, мулоҳаза қилишга ундаган.
Фурсатдан фойлаланиб, таҳририятимиз номидан сўз устаси Мирзабек Холмедовни 55 ёшни қаршилагани билан табриклаймиз.