...
МЕНЮ
ONLINE TV

Миллий банк ўғирликда айбланмоқда


12:19, 04.12.2017 Олам
 6 293

Миллий банк янги банкноталарни безашда швецариялик фотосуратчининг суратидан ноқонуний фойдаланганликда айбланмоқда.

Швецариялик фотосуратчи Марсел Буркард Қозоғистон Миллий банкини муаллифлик ҳуқуқини бузганликда айблаб, судга беришга тайёргарлик кўрмоқда.
 
Чунки, швецариялик фотосуратчи Қозоғистоннинг 500 тенгелик банкнотасининг безалишида ўзининг суратидан унинг рухсатисиз фойдаланганини аниқлаган.
 



 
Бу ҳақда у Facebook ижтимоий тармоғида қуйидагиларни ёзган: “Қандай шараф! Мен кеча Қозоғистон Миллий банки янги банкнотани муомалага киритгани тўғрисида хабар олдим. Унда чағалайларнинг сурати берилган. Буларнинг барчаси давлат даражасидаги можарони келтириб чиқарди. Кўриб турганингиздек, бу тенгеларда Wikipedia дан олинган чағалайларнинг сурати тасвирланган. Wikipedia даги асл суратнинг муаллифлик ҳуқуқи менга тегишли эканлиги қонуний ҳимояланган.
 
Миллий банк учун банкнотанинг эскизини тайёрлаган дизайнер, ушбу суратни ўғирлаган. У ўз вазифасига ижодий ёндашмагани учун, юз фоизлик ўғирлик юз берган. Миллий банк эса бу ўғирликни рад қилмоқда. Демак, мен ўз ҳуқуқларимни ҳимоя қилишим керак”.
 
Марсел Буркард ўзининг муаллифлик суратини ҳам тармоққа жойлаштирган. Шунингдек, интернет тармоғида Қозоғистонниг 500 тенге банкнотасида тасвирланган бошқа чағалайларнинг суратини топганлигини ёзган. Қозоғистон Миллий банки 500 тенгелик янги банкнотани жорий йилнинг 22 ноябрида намойиш этган ва Миллий банк раиси Данияр Акишев унинг дизайни устида икки йил ишланганини таъкидлаган эди.
 
Ижтимоий тармоқларда унда тасвирланган чағалайларнинг Википедиядаги суратга ўхшашлигини таъкидлашганида, Миллий банк бу борада ўғирлик юз берганини рад этган. Миллий банкнинг маълумотига кўра, банкнотнинг дизайни Миллий банк ва Банкнот фабрикаси дизайнерлари томонидан ишлаб чиқилган. Ўхшашликни эса, “ҳамма чағалайлар бир-бирига ўхшайди”, деб изоҳлашган. 
Обил Сафаров

Теглар:Миллий банк Қозоғистон Тенге 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!