...
МЕНЮ
ONLINE TV

МДҲ саммитида Афғонистон масаласи кўрилди


09:22, 12.10.2017 Олам
 2 787

Ўзбекистон ва МДҲ мамлакатлари ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми ўртача 20 фоизга ошган.

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10–11 октябрь кунлари Россия Федерациясининг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этгани ҳақида хабар берган эдик.
 
Хабарларга кўра саммитнинг асосий тадбирлари кеча, 11 октябрь куни бўлиб ўтган.
 
Сочидаги Халқаро конгресслар марказида Россия Федерацияси президенти Владимир Путин Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни кутиб олди.
 
Дастлаб МДҲ давлат раҳбарлари тор доирада учрашув ўтказилган бўлиб, унда МДҲ доирасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ушбу халқаро тузилма фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари, минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.
 
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари билан савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт, туризм, илм-фан, таълим ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлигини таъкидлади. Жорий йилнинг ўзида Ўзбекистон ва МДҲ давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 20 фоиз ўсганини айтиб ўтди.
 
Йиғилишда асосий эътибор Афғонистондаги вазиятга қаратилиб, жиноий даромадларни легаллаштириш, коррупция, терроризм, наркобизнес каби хавф-хатарларга қарши биргаликда курашиш масалалари муҳокама қилинди.
 
МДҲга раислик қиладиган навбатдаги мамлакат масаласи кўриб чиқилди. Умумий қарорга мувофиқ, 2018 йилдан ушбу халқаро тузилмага раислик Тожикистон Республикасига ўтди.
 
Шавкат Мирзиёев шу муносабат билан президент Имомали Раҳмонни табриклади ва ушбу масъулиятли вазифани бажаришда муваффақиятлар тилади.
 
Тор доирадаги учрашувлардан сўнг давлат раҳбарлари музокараларни кенгайтирилган таркибда давом эттирди.
 
Мажлисда Ҳамдўстлик мамлакатларининг Парламентлараро ассамблеяси фаолиятини такомиллаштириш, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши ва Иқтисодий кенгашини ривожлантириш, келгуси йилларда МДҲнинг маданий пойтахтларини белгилаш каби масалалар муҳокама қилинди.
 
МДҲга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарларининг Оила институти ва анъанавий оилавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш бўйича баёноти, Ҳамдўстликда 2019 йилни “Китоб йили”, 2020 йилни “1941–1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги йили” деб эълон қилиш ҳақида қарор қабул қилинди.
 
Ҳамдўстлик мамлакатларининг жиноий даромадларни легаллаштириш, терроризм ва қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштириш, коррупцияга қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорлигига доир концепциялар маъқулланди.
 
Шунингдек, МДҲ мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган яна бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди.
 
Аввалроқ, саммит доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг учрашуви бўлиб ўтгани ҳақида маълумот берган эдик.
 
Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ҳамкорлик 2004 йил 16 июнда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома, 2005 йил 14 ноябрда имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома асосида изчил ривожланиб бормоқда. Мамлакатлар БМТ, ШҲТ, МДҲ каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.
 
Экспорт ва импортнинг барча кўрсаткичлари бўйича ўсиш кузатилмоқда. Йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3 миллиард доллардан ошган.
 
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Беларусь Республикаси президенти Александр Лукашенко билан учрашув ўтказган эди.
 
Беларусь президенти Ўзбекистон билан ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш манфаатли эканини таъкидлаган.
Зоҳиршоҳ Жўраев

Теглар:Шавкат Мирзиёев Сочига ташриф МДҲ саммити 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!