...
МЕНЮ
ONLINE TV

Мавлуда Асалхўжаева концертида мухлисларини йиғлатди


16:02, 20.02.2016 Шоу-бизнес
 12 170

19 февраль куни Мавлуда ва Гули Асалхўжаеваларнинг 3 кунлик концерт дастурига старт берилди.

Аввал хабар берганимиздек, кеча, 19 февралдан бошлаб Мавлуда ва Гули Асалхўжаеваларнинг “Ёнимда бўлишингиз бахт бизга” номли уч кунлик концерт дастурига старт берилди.

Концерт Мавлуда Асалхўжаева ижросидаги “Шукур кўрсатганига” номли қўшиқ билан бошланди.



1991 йилдан буён катта саҳнада ижод қилиб келаётган хонанданинг фаолиятига бу йил 25 йил тўлди. Бу йиллар давомида Мавлуда Асалхўжаева кўплаб қўшиқлари билан мухлислар қалбидан жой олишга улгурди. “Унутма”, “Кет”, “Ватанни севинг”, “Моҳигул”, “Чиманда гул”, “Алам қилар” номли қўшиқларни ҳамон ўша кунлар соғинчи ила тинглайдиганлар топилади.



Мавлуда Асалхўжаева навбатдаги концерт дастурини бежиз “Шукур кўрсатганига” номли қўшиғи билан бошлагани йўқ. Хонанда сўнгги концерт дастурини 2008 йилда тақдим этганди. Мана 8 йилдирки концерт беришни ният қилиб юрган хонанда ва ниҳоят орзусига етди. Асалхўжаева ушбу қўшиғида “Осмонда юлдуз мен эмас, асли сизсиз, Сиз бор учун ёнар қалбим” деб мухлисларига пешвоз чиқди.





Концертга Мавлуда ва Гули Асалхўжаеваларнинг ашаддий мухлислари ташриф буюрганини пайқаш қийин эмасди. Улар орасида қўшиқларни жўр бўлиб айтганлар, рақсга тушганлар кўп бўлди. Залдаги томошабинларнинг асосий қисми 30 ёшдан 65-70 ёшгача бўлган аёллар ташкил этарди.



Хонандаларнинг ижодига эътибор қаратиб, бир нарсани алоҳида айтиб ўтиш лозим. Ўтган йилларда Мавлуда ва Гули Асалхўжаеванинг ижоди буткул янгича кўринишда сайқал топди. Хориж эстрадасидан олинган қўшиқлар ўз йўлига, бироқ янги, ҳам миллийлик, ҳам замонавийлик руҳидаги қўшиқларни мухлислар илиқ кутиб олишди. Бунга мисол тариқаси Мавлуда Асалхўжаеванинг “Олов-олов”, “Ҳўп-ҳўп”, “Араз”, Гули Асалхўжаеванинг “Атиргулим”, “Адрас мато”, “Алдадинг” номли қўшиқларини келтириш мумкин. Концерт дастурида ҳам бу рўйхатни давом эттирувчи, мазмунли, савияли қўшиқлар кўп бўлди. “Кўнгил”, “Ўзбекистон”, “Ҳаёт”, “Ота-она”, “Болаликка қайтайлик” номли қўшиқлар шулар жумласидандир. Мавлуда Асалхўжаева ота-онасига бағишланган қўшиқни куйлар экан, бугун атрофида ҳамма яқинлари, ўзи орзу қилган нарсаларнинг барчаси борлигига қарамасдан, юрагининг бир ери кемтиклигини, ота-онасининг бевақт бу дунёни тарк этиши ҳамон қалбида зардоб бўлиб сақланаётганини айтиб ўтди. Қўшиқ жаранг сочганда, саҳнадаги катта мониторда Асалхўжаеваларнинг ота-оналари иштирокидаги фото ва видеолавҳалар кўрсатиб борилди. Асалхўжаева қўшиқни куйлаганди ўзи ҳам йиғлади, мухлисларини ҳам йиғлатди.



Гули Асалхўжаева ўзига берилган навбатни Ватан ҳақидаги қўшиқ билан бошлади. Қўшиқ шунчаки, репертуарни бойитиш, Ватан ҳақида ҳам битта қўшиқ куйлаб қўйсам зарар қилмайди, деб айтилмагани кўриниб турибди. Хонанда қўшиққа шеър танлашда адашмабди. Асалхўжаева қўшиқ орқали ношукур ватанфурушларга қарата “Сенга нима кам?” деб хитоб қилди. Гули опасига қараганда саҳнада ўзини анча бемалолроқ тутди. Ҳаяжонини боса олди. Мавлуда Асалхўжаева эса неча йиллик танаффусдан сўнг концерт бераётганини айтиб, қаттиқ ҳаяжон тарк этмаётганини бот-бот такрорлади.




Хонанда сўнгги қўшиғини куйлашдан олди, “Тақдир тақозоси билан 30 йилдан бери хорижда яшайдиган дугонам бор. Ҳар гал қўнғироқ қилганида “Мавлуда, ўзга юртларда юрган мусофирлар номидан бир қўшиқ қил, дардимизни, соғинчимизни куйга сол” деб илтимос қиларди. Ва ниҳоят шундай қўшиқ куйлашга қарор қилиб, шоира Рислиғой Ҳотамовадан шеър ёзиб беришини илтимос қилдим”, – деб қўшиқни куйлади. Ҳақиқатан ҳам Мавлуда Асалхўжаеванинг Ватан ҳақидаги навбатдаги қўшиғи юрак-юракларга етиб борадиган, ёқимли қўшиқ бўлибди.







Хонанда "Шунча қўшиқ куйладим, келинларим кўринмайди..." деб "Қайнона-келин" сериалидаги келинлари – Манзура, Паризода ва Феруза Собитовани саҳнага чақирди ҳамда "Ниҳол" мукофоти Манзура билан янги дуэтини куйлади. 





Концерт дастурини Ўзбек миллий академик драма театри актёрлари Рихситилла Абдуллаев ва Дилноза Кубаева олиб боришди. Рақслар эса “Тошкент зеболалари”, “Тумор”, “Паризода” рақс ансамбллари томонидан саҳналаштирилган. Шунингдек, дастурда “Жайрон” болалар ансамбли ҳам иштирок этди.







Концерт ютуқлар билан бирга камчиликлардан ҳам ҳоли эмас. Хусусан, қўшиқлар кетма-кетлигида шошмашошарлик кўзга ташланди. “Болам, онанг қарияпти” қўшиғи шўх қўшиқлар орасида қолиб кетган. “Ота-она” қўшиғида ҳам худди шундай ҳолат кузатилди. Бу икки қўшиқни кетма-кет жойлаштирилса, мақсадга мувофиқ бўларди.





Қамариддин Шайхов суҳбатлашди.
Фотомухбир Ғафур Расулов
"Ko'zgu" студияси.
 

Теглар:Мавлуда Асалхўжаева Гули Асалхўжаева Истиқлол Концерт Рихситилла Абдуллаев Дилноза Кубаева Паризода Манзура Феруза Собитова 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!