...
МЕНЮ
ONLINE TV

Машҳур актриса ўғли тенги футболчи билан турмуш қуришни истамоқда


11:31, 11.05.2018 Спорт
 21 663

Памела Андерсон Одил билан танишувини қуйидагича ҳикоя қилди: “Аввалига у менга асло ишонмади: “Йўқ, мумкин эмас! 50 ёшда эканлигинг ёлғон”.

Машҳур актриса Памела Андерсон ўғли тенги футболчи билан оила қурмоқчи. Франциянинг “Марсель” клуби Европа Лигаси ярим финали жавоб ўйини доирасида “Зальцбург” меҳмони бўлди.
 
Французлар ўз майдонларидаги илк учрашувда 2:0 ҳисобида устун келишганди. Ўша баҳс пайти “Велодром” стадионида “Малибу қутқарувчилари” сериали юлдузи Памела Андерсон кўриниш берди?
 
Нима, у “Марсель” мухлисасими? Эҳтимол, футболга қаттиқ қизиқар... Йўқ, гап бошқа ёқда. Аниқланишича, 50 ёшни уриб қўйган Пэм хоним деярли бир йилдан буён “Марсель” ҳимоячиси Одил Рами билан учрашиб юрган экан. Энг қизиғи, футболчи ҳозир 32 ёшда, яъни Памеладан анча кичик, дея ёзади “Interfutbol.uz” нашри.
 
Қолаверса, актриса француз тилини умуман билмайди, Рами эса инглизчада жуда нўноқ. Бироқ ёш ўртасидаги тавофут ҳам, тил борасидаги тўсиқ ҳам янги жуфтликни ортиқча хижолатга қўяётгани йўқ, шекилли.
 
Ҳаммаси нимадан бошланди?
 
Андерсон ва Рами илк марта 2017 йилнинг майида Монакода ўтган “Формула-1” мусобақасининг “Гран-при” босқичида учрашишди. Август ойига келиб, Памела Европа Лигаси квалификацион раунди доирасидаги “Марсель” - “Домжале” ўйини (3:0) ни стадионда кузатганча ёш қаллиғини бевосита қўллаб-қувватлади. Бироқ учрашув асли марокашлик “француз” учун анча омадсиз кечди - у 23-дақиқадаёқ жароҳатга йўлиқди ва ўз ўрнини захира вакилига бўшатиб берди.
 
Маълумот учун айтиш керак, Одил Корсика оролида туғилган, аммо оиласи кейинчалик Фрежюс шаҳарчасига кўчиб ўтган. Хуллас, Одил айнан шу жойда ўсиб-улғайди.
У Рамилар оиласида тўртинчи фарзанд эди ва ёшлигидан турли ишлар билан шуғулланган. Футболчилик фаолиятини эса маҳаллий “Фрежюс” жамоасида бошлаган. Рами 20 ёшга тўлганида, “Лилль” клуби таклифини қабул қилди ва унинг таркибида Франция чемпиони унвонига сазовор бўлди.
 
Одил кейинчалик Италиянинг “Милан”, Испаниянинг “Валенсия” ва “Севилья” клублари шарафини ҳимоя қилиб, охиргиси билан Европа Лигасида ғалаба нашидасини сурди. Шунингдек, 2010 йилдан буён Франция миллий жамоасининг 33 ўйинида қатнашиб, 1 гол муаллифига айланди.



Хусусан, терма жамоа сафида Евро-2016 кумуш медали совриндори бўлди. Айтганча, Рами вақтида сарвқомат модель Сидони Бьемонга кўнгил берганди. 2016 йилнинг сентябрида севишганлар эгизак фарзандли бўлишди ва уларга арабча исм танлашди - Зейн ҳамда Мади. Бироқ орадан бир неча ой ўтиб, Одил ва Сидони алоқаларни бутунлай узишди. Памела Андерсонга келсак, у бунгача 3 марта турмушга чиққан. Унда ҳам икки нафар фарзанди бор. Фарқи шуки, актрисанинг ўғиллари - Брэндон ва Дилан аллақачон мустақил ҳаёт бошлашган.

Тўй яқинми?
 
Памела Андерсон Daily Mail нашрига берган интервьюсида Одил билан танишувини қуйидагича ҳикоя қилди: “Аввалига у менга асло ишонмади: “Йўқ, мумкин эмас!
 
50 ёшда эканлигинг ёлғон. Чамаси 30 ёшда бўлсанг керак. Марҳамат қилиб, ҳайдовчилик гувоҳномангни кўрсатсанг... Очиғи, ўзингдан анча кичик кўплаб аёллардан ёшроқдексан...”. Пэм шунинг баробарида ўзаро муносабатларини достон қилмоқчи эмас.
 
Дейлик, Instagram тармоғида Рами ва Андерсоннинг бирга тушган суратлари умуман йўқ. Лекин шуниси аниққи,  Памела январь ойидан буён Марселда. Яъни аллақачон Одил ёнига кўчиб келишга улгурди. TMZ портали айни ўша вақтда футболчи ва актриса никоҳдан ўтишни режалаштираётганлари ҳақида хабар тарқатганди. Уларнинг никоҳ узуги сотиб олишгани ҳам маълум.

Теглар:Памела Андерсон Одил Рами 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!