...
МЕНЮ
ONLINE TV

#МангуХотира: Яхши инсонларни яхши кунларда эслаш яхшиларнинг ишидур


18:22, 09.05.2017 Жамият
 3 025

Бундай улуғ инсонни хотирлаб ўтмасликнинг иложи йўқ, айниқса, биз қизиқчилар. Ҳаммамизга ўрнак бўларли ҳолатда ҳаёт кечирган.

Юсуфжон қизиқ Шакаржонов (1869-1959) санъаткорлар макони бўлмиш гўзал Марғилонда Шокиржон кулол оиласида дунёга келди. Болаликдан санъатга қизиқиши туфайли шаҳардаги тўй ва сайилларда санъаткорларнинг чиқишини томоша қилар ва улар билан бирга қўшни шаҳар ва туманларга борар эди. У анъанавий қизиқчиликларни шароитга қараб мослаб ўйнаш билан бирга, янги ичакузди ҳикоялар ижод этди ва кулгили саҳна кўринишлари тайёрлади. “Бола ўқитиш”, “Дор ўйини”, “Пул қисташ”, “Хитойлик табиб” сингари кулгили саҳна кўринишлари халқ эъзозига сазовор бўлди. Халқ қўшиқларини ва яллаларини айтишда унга тенг келадигани йўқ эди. Унинг истеъдоди кўпроқ қизиқчиликда намоён бўларди. Шунинг учун ҳам халқ уни Юсуфжон қизиқ деб атай бошлаганди.
 
Юсуфжон қизиқни сўз устаси Валижон Шамшиев шундай хотирлайди:
 
“Юсуфжон қизиқ Шакаржонов исмининг ўзи инсон юзида табассум пайдо қилади. Бундай улуғ инсонни хотирлаб ўтмасликнинг иложи йўқ, айниқса, биз қизиқчилар. Ҳаммамизга ўрнак бўларли ҳолатда ҳаёт кечирган. Устозлардан эшитганман саҳнага бетаҳорат чиқмаган экан. Жуда серқирра ижодкор бўлган. Устознинг ижоди кенг қамровли бўлиб, фақатгина қизиқчи эмас, ажойиб ташкилотчи, цирк артисти, моҳир раққос, етакчи ҳалқ режиссёри, барча созларни маромида чала оладиган созанда, доира билан лапар ва яллалар ижро этадиган, қолаверса, катта ашула айтадиган ҳофиз эди.
 
Устозимиз билан боғлиқ жуда кўп қизиқ воқеалар бўлиб ўтган. Кўпчилик биладиган бир қизиқ воқеани эслашимиз мумкин.
 
Бир куни Юсуфжон қизиқ билан Охунжон қизиқ дам олгани тоғ ёнбағрига чиқишибди. Палаткаларини тикиб, ҳордиқ чиқариб, ширин уйқуга кетишибди. Тун ярмидан оққанда Охунжон қизиқ Юсуфжон қизиқни туртиб:
 
– Юсуфжон, осмондаги юлдузлар чарақлашини қаранг. Бу юлдузларнинг ялт-ялт ёниб чарақлаши нимадан далолат бераркин, — деб сўрабди.
 
Шунда Юсуфжон қизиқ:
 
– Бу палаткамизни ўғирлаб кетишганидан далолат беради, — деган экан.
 
Кўпчилик шу воқеани эслайди. Устозларни ёд этиш яхши одат. Бошқа мамлакатларда бугунги айёмни қандай аташади, билмади-у, лекин бизда “Хотира ва қадрлаш куни”. Қаранг, ҳар икки сўзда олам-олам маъно мужассам. Аввало хотирлайсиз, хотирлаганда ҳам оддий эслаш эмас, қадрлаб эсланади. Ўтганлар ҳақида ота-боболаримиздан қолган яхши бир гап бор, яъни ўтиб кетган одам тўғрисида иложи борича ёмон гапирмаслик керак, дейишган. Хотирлашга лойиқ инсон борки, демак, у қадрланишга ҳам лойиқдир. Бир пайтлар “Яхши инсонларни яхши кунларда эслаш яхшиларнинг ишидур” деган сатрларни ёзгандим. Биз кимнидир эсга олиб, уни хотирлаябмизми, қачонлардир бизни ҳам ана шундай эъзозлашади”.
Мусулмонбек Иброҳимов

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар