...
МЕНЮ
ONLINE TV

#МангуХотира: Темур Холиқов: Дадам тўй учун ҳеч қачон ўзига “ставка” қўймаган


18:10, 09.05.2017 Шоу-бизнес
 8 167

Шоирлар билан ижодий ҳамкорлиги яхши эди. “Комила қиз” қўшиғини Муҳаммад Юсуфга мазмуни қандай бўлишини айтиб ёздирган ва шу қўшиқ яралган.

Муҳриддин Холиқов (1959-2001) ижросида янграган “Ёнимда қол”, “Йиғлама қиз”, “Унутма ёр”, “Суймадинг”,   “Сумбула”, “Қизғалдоғим”, “Қиз бола”, “Паризодим”, “Парирўй”, “Аламли дунё” каби дилтортар қўшиқларни ҳали-ҳанузгача халқимиз севиб тинглайди.
 
Муҳриддин Холиқовнинг ўғли Темур Холиқов дадаси ҳақида қуйидагиларни хотирлайди:
 
“Дадам билан ҳамнафас ишлаган кўпчилик санъаткорлар билишади, ҳар йили ўзининг туғилган кунида жуда кўп ижодкор дўстларини бир жойга йиғиб, байрам қилиб берарди. Мен буни бежизга айтаётганим йўқ, сабаби, туғилган кунига фақат тор доирадаги яқинлари ёки у менга узоқ ё яқин демай, ҳаммани бирдай базмга таклиф этарди. Гуруҳларга бўлиниб, ажралиб юришни ёмон кўрарди. Барчага бирдек муомала қилишни яхши кўрарди. Инсонларни турли табақага бўлиб, оралиқ сақлаб юрмасди. Ўша пайтларда нафақат дадам, балки бошқалар ҳам шунақа бўлишган.
 
Кўча-кўйда юрганида таниш ё мухлислари бўладими, оқибати жуда яхши эди. Айниқса, Обид ака Асомов билан жуда яқин эдилар. Бир-бирларига жуда қаттиқ, “дахшатли” ҳазил қилардилар. Четдан кўрган одам улар ростакамига тортишяпти, деб ўйларди.


 
Мени ҳайратлантирган жиҳатларидан яна бири – студияга кирганда битта уринишда қўшиқни айтиб чиқиб кетардилар. У пайтларда мен ёш бўлганман, воқеаларни яхши эслай олмаслигим мумкиндир, лекин битта мен эмас, кўпчилик катталар, “Битта уринишда ёзиб кетасан-а?”, деб дадамдан сўрашарди. Ҳали-ҳанузгача бунақа кучга эга бўлган қўшиқчини кўрмадим. Агар бу оилада эмас, бошқа оилада улғайганимда ҳам шу инсонни қўшиқларини севиб тинглардим, деб ўйлайман.
 
Уйимизда, камида ўнталаб шогирдлари бўларди. Дадамнинг ўзи ҳам Шерали Жўраевга шогирд бўлган. Хонадонимизга шогирд тушиш учун келганлар орасида қийналиб қолганларини айтганлари ҳам бор эди. Агар унинг иқтидори бўлмаса, тушунтириб, бошқа соҳадаги ишга жойлаб ҳам қўйган. Ўш пайтларда шогирдларининг дадамдан емаган калтаги, эшитмаган гаплари қолмасди. Ишга жуда талабчан эди. Шогирдларини ўзи билан тўйларга, телестудияларга олиб бориб, рағбатлантирарди ҳам. Шунда улар кўрган барча қийинчиликлар эсдан чиқиб кетарди. Шогирлари ҳам дадамга устоз деб жуда қаттиқ меҳр қўйишганди. Бир йил у ҳофизда, бир йил бу ҳофизда шогирд бўлиб юриш бизнинг хонадонга хос эмасди. Устоз дейилдими, тамом, охиригача қатъий турилган.
 
Тўйларга борганида “Эшитяпсизларми, шогирдим қўшиқ айтяпти, қаранглар, қанақа зўр айтяпти”, деб мағрурланиб ўтирарди. Дадамнинг қўлидан Обид ака Асомов, Шукрулло ака Исроилов, Озодбек ака Назрбеков, Абдулла Қурбонов чиққан. Анвар ака Санаев отамнинг созандалари сафида бўлган, ўзига устоз деб билган.
 
Уйимизнинг ертўласида студия бўларди, ҳозир ҳам бор. Ўша жойда созанда ва шоирлар билан бир ойлаб қўшиқ устида ишлашарди. Шоирлар билан ижодий ҳамкорлиги яхши эди. “Комила қиз” қўшиғини Муҳаммад Юсуфга мазмуни қандай бўлишини айтиб ёздирган ва шу қўшиқ яралган.
 
Яхши ниятда тўйга айтиб келган инсонларни очиқ чехра билан кутиб оларди. Агарда шароити сал бундайроқ одам келса ҳам, ноумид қилмаган, вақти бўлса, ўзи, жилла қурса, шогирдларини жўнатган. Мени бунақа гапларни фарзанди бўлгани учун айтяпти, деб ўйламанг, дадамнинг хоҳлаган яқинларидан сўрашингиз мумкин, у киши тўйлар учун ҳеч қачон ўзларига “ставка” қўймаган!”
Мусулмонбек Иброҳимов

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!