Хонанда ижодий танаффус орқали мухлисларга катта совға тайёрлаётган бўлса, ажаб эмас.
Лоланинг Instagram’даги кузатувчилари сони 1 миллиондан ошди. Шу вақтгача хонанда ўз саҳифасига 2200 дан ортиқ фотосуратлар ва видеороликлар жойлаган. Бошқа ижодкорлардан фарқли ўлароқ, Лоланинг саҳифасида тижорий реклама суратлари кам учрайди. Аксинча, ижтимоий аҳамиятдаги постлари доим диққат марказида бўлган.
“1 миллион. Дўстлар қўллаб-қувватлаганингиз учун раҳмат. Менга доим ишонган ва кутган мухлисларимга раҳмат. Мен буни жуда қадрлайман. Сиз мендан янги қўшиқлар, фильмлар ва концерт ҳақида кўп сўрайсиз... Ҳозир мен барчасига улгуриш учун югуришим, синмаслик учун кучли бўлишим шарт бўлмаган давр келди. Мен ҳозир шунчаки яшашни истайман... Эрталаб ёмғирдан сўнг сайр қилишни ва қушлар овозини тинглашни истайман... Фарзандларим билан ҳеч қаерда шошмасдан ором олишни, ўз яқинларимни хурсанд этиш учун соатлаб ошхонада таом тайёрлаб, кечки дастурхон атрофида янги китобни муҳокама қилишни хоҳлайман... Кечаси эса ўзимнинг севимли эканлигимни ҳис қилган ҳолда ҳақиқий маънода бахтли эканлигимни билиб ухлашни истайман... Бу - бебаҳо дамлар. Сиз менга ана шу роҳатни раво кўрасизми? Ижтимоий тармоқлардан узоқ вақт узилиб қолмасликка ҳаракат қиламан”, деб ёзган Лола.
Лола саҳифасининг бошига ҳамма санъаткорлар каби ҳамкорлик учун продюсер, маъмурининг рақамини қолдирган. Яна бир эътиборимизни жалб қилган томони шуки, бу рақам Ўзбекистон рақами эмас. Лола билан ҳамкорлик учун Илья Новиков исмли инсон билан боғланиш лозим. Унинг рақами Россияники. Тушунишимизча, Лола ижодини Россияда давом эттирмоқчи.
Ижтимоий тармоқдаги суратлар орасида унинг ўз жуфтини топганлигига ишора қилинган постлар мавжуд. Ҳозирча сирли бўлиб қолишни мақсад қилган инсоннинг борлиги ҳақида Лола инкор этмайди. Аммо у ҳақда очиқ гапиришни ҳам хоҳламайди. Аммо шу бугунгача икки марта у билан тушган суратини ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига жойлаштирди.