...
МЕНЮ
ONLINE TV

Лионель Месси ватани, оиласи, рақиблари, Роналду ва “Барселона” ҳақида


14:10, 15.07.2017 Спорт
 6 373

“Мабодо “Барселона” менга маош беришни тўхтатса, текинга ўйнашга тайёрман”.

Аргентиналик суперҳужумчи Лионель Месси 24 июнь куни 30 ёшни қаршилади. Шу муносабат билан “Барселона” ва Аргентина термаси футболчисига тегишли иқтибослардан энг ёрқинларини танлаб, эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.
 
Болалиги ҳақида
– Кичкиналигимда дўстларим доим мени сайр қилишга чақиришар, аммо эртага машғулотлар кутиб турганини билганим учун кўпинча уларга рад жавобини берардим. Ҳозиргача ушбу ҳолат сақланиб қолган.
 
Ватани ҳақида
– 12 йилдан буён Барселонадаман, аммо ҳамон аргентиналикман. Гарчи айрим ҳамюртларимнинг бу борадаги фикрлари бошқача бўлса-да.
 
Футболга муҳаббати ҳақида
– Ҳозиргача ўзимни ҳамон онамдан тўпни сўраб олиб, кўчага ошиқадиган болакайдек ҳис қиламан. Қачонки, шу туйғу йўқолса, футболдан кетаман.
 
Камгаплиги ҳақида
– Менинг ўрнимга оёқларим гапиради.
 
Мақсадлари ҳақида
– Мақсадим – ҳозирги жамоам билан барча совринларни қўлга киритиш.
 
Индивидуал мукофотлари ҳақида
– Мукофотлар – бу яхши, аммо улар мени эмас, журналистларни ўйлантириши керак.
 
Ҳал қилувчи баҳслар ҳақида
– Ҳар бир учрашувда бир хил ўйнайман – худди финалда тўп сураётгандек.
 
Мақтовлар ҳақида
– Бир сафар ўйиндан сўнг “Арсенал” футболчиси ёнимга келиб, мен билан майдонда тўп сурганидан фахрланишини айтди. Бу гапларни ҳозиргина ютқазган жамоа вакили айтаётгани ажабланарли.
 
Пуллар ҳақида
– Мабодо “Барселона” менга маош беришни тўхтатса, текинга ўйнашга тайёрман. Албатта, моддий рағбат ҳаётни янада қулай қилади, аммо мен бундан илҳомланмайман.
 
Ташқи кўриниши ҳақида
– Жимжимадор соч турмаги ёки ўзгача кўриниш шартмас. Шунчаки, тўпни беринг ва нимани эплашимни кўрсатаман.
 
Ҳаётдаги энг муҳим нарса ҳақида
– Мен учун жаҳоннинг энг кучли футболчисига айланишдан кўра, яхши инсон бўлиш муҳимроқ.
 
Барселонанинг мақсади ҳақида
– Клубимизнинг мақсади битта – имкон қадар кўпроқ турнирларда зафар қучиш.
 
Барселонадан кетиши ҳақида
– “Барса”дан кетасанми?”, деб сўраманг. Чунки менда бошқа жамоада ўйнаш истаги умуман йўқ.
 
Биринчи фарзанди ҳақида
– Тьяго туғилгач, ҳаётим анча ўзгарди. Ҳозир у мен учун энг муҳим инсондир. Фикру хаёлим доим ўғлимда бўлади.
 
Ҳайдовчилик ҳақида
– Машғулотга кетаётганимда, автомобиль тезлигини оширмасликка интиламан. Умуман олганда, машина ҳайдашдан роҳатланаман.
 
Кундалик ҳаёти ҳақида
– Хоҳласам, кўчада бошқаларга ўзимни сездирмаслигим мумкин. Сайрга кам чиқаман, аммо буни кўпроқ оилам даврасида бўлишни хоҳлаганим учун қиламан.
 
Реал ҳақида
– “Барселона”да ҳамма “Реал”нинг совринсиз қолишини истайди. Мадридликлар эса бизга худди шундай муносабатдалар.
 
Криштиану Роналду ҳақида
– У юксак савиядаги ажойиб футболчи. Иккимизнинг фаолиятимиз бир даврга тўғри келаётгани уни ҳам, мени ҳам кучли қилмоқда.
 
Аргентина термасидан вақтинчалик кетгани ҳақида
– Тўртта финалда ўйнадим, аммо тақдир экан, уларни ютқаздим. Аргентина термасида чемпионликка эришишни хоҳладим, лекин уддалай олмадим. Ўйлашимча, шуниси ҳамма учун маъқул. Қароримни қабул қилдим. Кўп марта уриндим, лекин эплолмадим.
Акмал Эшонхонов

Теглар:Месси Барселона 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!