Гувоҳлар бунда ўт ўчириш хизмати вакилларининг масъулиятсизлиги сабаб бўлганини айтишмоқда
Маълум бўлишича, дастлаб бир хонадондан чиққан ёнғин ёнидаги бошқа хонадонларга ҳам ўтиб кетган.
Айни вақтда, гувоҳлар ва уйи ёниб кетган жабрланувчилар томонидан видеотасвирга олинган ёнғин фожиаси ижтимоий тармоққа жойлаштирилмоқда.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ўт ўчирувчилар ўз ишларига масъулиятсиз билан ёндашишган. Воқеа жойига келган ўт ўчирувчилар ёнғин чиққан хонадондаги оловни ўчиришган ва қайтиб кетишган. Бироқ, орадан кўп ўтмай, ёнғин кўп қаватли уйдаги бошқа хонадонларга ҳам ўтгани маълум бўлган.
Ўт ўчирувчилар ўз иш жойларига қайтиб кетишгач, олов ичида қолган қўшни хонадонда бўлган 21 ёшли қиз ва унинг 16 ёшли укаси олов ичидан чиқиб кета олмай вафот этган. Маълумотларга кўра, уларни онаси қутқаришга уринган, аммо бунинг уддасидан чиқа олмаган.
“Дастлаб 4-қаватдаги биринчи хонадондан ёнғин чиқди. Ўт ўчириш хизмати келиб, оловни ўчирди ва қайтиб кетди. Орадан 10 дақиқа ўтгач, 5-қаватда яна икки хонадон ёнаётгани маълум бўлди. Ўт ўчирувчиларнинг сувлари етмай қолганмиш. Сувнинг ярми кўчага оқиб кетди. Улар оловни ўчира олишмади. Сувлари йўқ эди...”, дейди гувоҳлардан бири.