Инсонга яхши кайфият бағишловчи гормон — серотонин ҳисобланади. Бу гормон организмда қанчалик кўп бўлса, киши руҳияти ҳам шу даражада юқори бўлади.
Орамизда бу фаслни севувчилар бўлгани каби хушламайдиганлар ҳам учрайди. Шу сабаб айрим кишилар баъзан “кузги депрессия”га учрайдилар. Ана шундай вазият учрамаслиги учун нима қилиш керак? Бугунги мақоламиз айнан шу мавзуга бағишланади...
Инсонга яхши кайфият бағишловчи гормон серотонин ҳисобланади. Бу гормон организмда қанчалик кўп бўлса, киши руҳияти ҳам шу даражада юқори бўлади. Доимо юқори кайфиятда бўлишнинг оддийгина усуллари билан таништирамиз:
Қора шоколад истеъмол қилиш
Қора шоколад ва глюкоза инсон миясининг тинчлантирувчи қисми учун фаол таъсир кўрсатади.
Шоколад таркибида флавоноид моддаси мавжуд. У эса хотиржамлик ҳиссини тақдим этади. Шунингдек, банан, олхўри, анжир, хурмо ва олма ҳам инсон кайфиятини кўтаришга хизмат қилади.
Чуқур нафас олиш
Америкалик мутахассислар ўтказган тадқиқотлар хулосаларига кўра, кузги депрессияга қарши курашишнинг энг самарали усули бу тўғри ва чуқур нафас олишдир.
Чуқур нафас олиш инсонни тинчлантиради ва руҳий хотиржамлик бағишлайди.
Таомномага пробиотиклар қўшиш
Экспертларнинг айтишича, ҳазм қилиш жараёни билан боғлиқ муаммолар тўғридан-тўғри инсон кайфиятига таъсир ўтказади.
Ошқозон тўғри ишлаши учун ферментлар, яъни пробиотиклар тановвул қилиш талаб этилади.
Пробиотиклар табиий йогурт, кефир, пишлоқнинг бир неча турлари, пиёз, карам таркибида мавжуд. Пробиотикларнинг ўзини эса дорихоналардан топиш мумкин.
Таркибида Омега-3 кислотаси бўлган маҳсулотлар
Балиқ, авокадо, ёнғоқлар, писта ва ўсимлик ёғида мавжуд бўлган омега-3 ёғли кислотаси (аминокислота) депрессия аломатларини сезиларли даражада пасайтиради.
Ишонмасангиз, синаб кўринг!
Руҳий яқинлик
Одатда кимдир йиғласа, яқин инсони уни бағрига босган ҳолда тинчлантиради.
Бу эса руҳий ҳолатдир. Инсон кимнидир бағрига босганида, мия иши фаоллашади, оғриқ ва стресс туйғуси эса сустлашади.
Доим ҳаракатда бўлиш
Исталган кўринишдаги жисмоний фаоллик нохуш хаёллардан бартараф этади. Инсон мияси чалғийди ва дам олади.
Бунда инсон тренажер залига бориб шуғулланиши талаб этилмайди. Шунчаки боғда сайр қилиш ёки велосипедда учиш ҳам бу ҳолатни йўқотиши мумкин.
Қуёш нурини “ушлаб олиш”
Куз фаслида қуёш ҳар кун ҳам нур сочмаслиги мумкин. Қуёш чарақлаган кунлари эса албатта, офтобдан баҳра бўлиш имкониятини қўлдан бой берманг.
Қуёш нури — инсонга бахт гормонларини ҳадя этади.
Инсон ҳар куни уйғонишининг ўзи бахт эмасми аслида?!
Ҳар бир кундан завқланишни ўргансангиз, аминмизки, депрессия сўзи сизга бегона бўлади.