...
МЕНЮ
ONLINE TV

Кўз ёшларга тўлган Киев: “Реал”дан хет-трик, Бэйлдан супер дубль


01:48, 27.05.2018 Спорт
 5 097

“Реал” клуби “Ливерпуль”ни 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Бугун, 27 май куни Европа Чемпионлар лигасининг финал учрашуви бўлиб ўтди. Унда Мадриднинг “Реал” клуби “Ливерпуль”ни 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб кетма-кет учинчи марта ЕЧЛ ғолиблигини қўлга киритди.
 
Ўйиннинг 30-дақиқасида “Ливерпуль” ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ “Реал” сардори Серхио Рамос билан тўқнашиб ерга нотўғри қулади ва елкасидан жароҳат олиб майдонни кўз ёшлар билан тарк этди.



Шунингдек, “Реал” ҳимоячиси Даниэль Карвахаль ҳам финал учрашувини охирига қадар ўйнай олмади. Испаниялик футболчи “Ливерпуль” ҳимоячиси Эндрю Робертсон билан тўқнашувдан сўнг жароҳат олиб, 36-дақиқада майдонни кўз ёши билан тарк этди.


 
51-дақиқада Карим Бензема “Ливерпуль” дарвозабон Лориус Кариуснинг хатосидан сўнг ҳисобни очди, орадан 4 дақиқа ўтиб сенегаллик ҳужумчи Садио Мане Навас дарвозасини ишғол этди.





Ярим ҳимоячи Иско 60 дақиқа яхши ўйин кўрсатди, аммо ғалабага ташна бўлган Зидан унинг ўрнига Гарет Бэйлни майдонга туширди. Бэйл финал ўйинида “Реал”нинг “сирли таёқча”си эканлигини 122 сония ўтиб, фантастик голи билан исботлади.


 
Шундан сўнг, 83-дақиқада “қироллик клуби” ҳужумчиси узоқ масофадан зарба йўллади. Бу вазиятда яна Кариус қўпол хатога йўл қўйиши натижасида “Ливерпуль” учинчи голни ҳам ўтказиб юборди.



Шу тариқа, “Реал” кетма-кет учинчи мавсум ҳам Европа чемпионлар лигасида ғалаба қозониб, бу борада мутлоқ рекорд ўрнатди.



“Реал” мухлисларини бугунги унутилмас ғалаба билан табриклаб қоламиз!

ЕЧЛ, финал.
“Реал Мадрид” – “Ливерпуль” 3:1 (0:0, 3:1).
Голлар: Бензема (51), Бэйл (64, 83), – 55 Мане (55).
 
“Реал Мадрид”: Навас, Варан, Марсело, Карвахаль (Начо, 37), Рамос, Модрич, Каземиро, Иско (Бэйл, 61), Кроос, Роналду, Бензема (Асенсио, 89).
 
“Ливерпуль”: Кариус, Ловрен, Робертсон, Александер-Арнолд, ван Дейк, Фирмино, Вейналдум, Салоҳ (Лаллана, 30), Милнер (Жан, 83), Мане, Хендерсон.
 
Огоҳлантиришлар: Мане (82).
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Реал Мадрид Ливерпуль 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!