Саудия Арабистонига қарши тақиқ қанча давом этиши ҳозирча номаълум.
Айни вақтда немис ҳукумати қурол етказиб бериш бўйича янги шартнома тузишни рад қилиб, мавжуд келишув бўйича қурол етказиб беришни тўхтатиш йўлларини излашга тушган.
Қарор кучга киргач, немис ҳукумати нечта шартномага зид ҳаракат қилиши кераклиги ҳозирча номаълум. Шуниси аниқки, Wolgaster Lürssen кемасозлик компанияси зарар кўради. Негаки у Саудияга 20 та патруль катерларини етказиб бериши керак бўлган.
Тақиқ қанча вақт давом этиши ҳам аниқ эмас. Айтилишича, Германия Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларидан ҳам Ар-Риёдга нисбатан шундай тақиқ қўллашни сўрайди.
Таъкидланишича, Франция президенти Эммануэль Макрон расмий Берлиннинг таклифини дарҳол рад қилган.
Маълумот учун, Германия Саудияга қурол экспорт қилиш ҳажми бўйича тўртинчи ўринни эгаллайди. Ундан аввал АҚШ, Буюк Британия ва Франция жой олган.
Эслатиб ўтамиз, Жамол Хошиқжий жорий йил 2 октябрда Истанбулдаги Саудия Арабистони Бош консулхонасида ўлдирилганди. Аммо Саудия унинг ўлдирилганини орадан 18 кун ўтиб тан олди.
АҚШ Марказий разведка бошқармаси журналист қотиллигини Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон ал-Сауд буюртма қилганини таъкидлади.
Мазкур иш сабаб қиролликда 21 киши ҳибсга олинган. Мамлакат прокуратураси уларнинг беш нафарига ўлим жазоси тайинлашни сўраган.