Great Ormond Street Hospital болалар шифохонасида бир вақтлар Деппнинг қизи ҳам даволанганди.
Кеча, 12 декабрь куни актёр Буюк Британиядаги Great Ormond Street Hospital болалар шифохонасига машҳур образи “Жек туллак” кўринишида ташриф буюрди. Бу ҳақда “Starslife.ru” нашри хабар қилмоқда.
Ўз-ўзидан шифохонада даволанаётган болалар севимли қаҳрамонларининг ташрифидан бағоят хурсанд бўлишди. Депп аслида уларга яхши кайфият улашиш, бироз бўлса-да бемор болаларнинг кайфиятини кўтаришни мақсад қилган. Бу унинг Great Ormond Street Hospital болалар шифохонасига қилган биринчи ташрифи эмас.
Актёр 2007 йилдан буён ушбу шифохонага мунтазам равишда турли фильм қаҳрамонлари образида келади. Чунки ўша йили Great Ormond Street Hospital болалар шифохонасида Деппнинг қизи Лили-Роуз ҳам даволанганди.
Ўшанда Лили-Роуз хавфли вирус туфайли тўшакка михланиб қолганди. Вируснинг кутилмаганда берган “зарбаси” сабаб, қизалоқнинг буйраклари ишламай қолган. Шифокорлар Лилининг ҳаёти учун бор имкониятларини ишга солиб курашишди ва узоқ вақт давом этган муолажалардан сўнг Лили-Роуз оёққа турди.
Шифокорларга ва Great Ormond Street Hospital болалар шифохонасига миннатдорчилик сифатида ўшанда ташкилотга Депп 2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни ҳадя қилган. Шу билан бирга, ҳар йили ушбу болалар шифохонасига келиб, кичик беморларнинг кўнглини олишга вақт ажратади.
“Жек туллак” палатага киргач, болаларнинг кайфияти беиҳтиёр кўтарилди. Кичкинтойлар қуршовида Депп, уларга турли қизиқарли воқеаларни айтиб берди ва уларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.