Жиноят қуроли айбланувчига тегишли бўлмаса, унда у мулкдорга қайтариб берилади.
Бугун, 22 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Хабарда айтилишича, қонун лойиҳаси бозор иқтисодиётининг асосий шартларидан бири хусусий мулк кафолатларини таъминлашда ва ҳимоя қилишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Мавжуд қонунчиликка кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 211-моддасига мувофиқ жиноят қуроли, кимга тегишлилигидан қатъи назар, мусодара қилиниши керак бўлган ва тегишли муассасаларга топширилган ёки йўқ қилиб юборилган.
Қонун лойиҳасига мувофиқ, ушбу талабга ўзгартиш киритилиб, гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга тегишли бўлган жиноят қуроллари мусодара қилиниши кераклиги ва тегишли муассасаларга топширилиши ёки йўқ қилиб юборилиши назарда тутилмоқда.
Бироқ жиноят қуроллари гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга тегишли бўлмаган тақдирда, улар мулкдорларига қайтариб берилади.