...
МЕНЮ
ONLINE TV

Жанубий Кореялик футболчи: Рақиб ким бўлишидан қатъи назар, биз кучли эканимизга ишонамиз


09:52, 16.08.2017 Спорт
 1 970

“Чонгкинг Лифан” клуби ярим ҳимоячиси Жунг Ву Йонгнинг Эрон ва Ўзбекистон беллашувлари олдидан билдирган фикрлари.

Жанубий Корея терма жамоаси ҳамда Хитойнинг “Чонгкинг Лифан” клуби ярим ҳимоячиси Жунг Ву Йонг ЖЧ–2018 саралаш босқичидан ўрин олган сўнгги икки ўйин – Эрон ва Ўзбекистонга қарши беллашувлар олдидан нималар кутаётгани, жамоадаги ўрни ва бошқалар ҳақида сўзлаб берди.
 
“Дунёдаги барча футболчилар сингари Жаҳон чемпионатига йўлланма олишни энг асосий вазифа деб биламиз. Ёшликдан Жаҳон чемпионатига чиқишни орзу қиламиз. Тез орада ҳаммаси ҳал бўлади ва биз ўйин якунида афсусланишни истамаймиз. Россияда бўлиб ўтадиган ЖЧ–2018 турнирига йўл олишимизга ишонамиз”, – деди Жунг Ву Йонг.
 
27 ёшли футболчи, шунингдек, Жанубий Корея термасининг ЖЧ саралаш тақвимида ноқулайликлар борлигини айтди. Кореяликлар 31 август куни ўз майдонида Эронни қабул қилса, 5 сентябрь куни Тошкентда Ўзбекистон терма жамоасига қарши майдонга тушади.
 
“Ростини айтиш керак, тақвим биз учун бироз ноқулай. Саралаш босқичидаги сўнгги ўйин сафарда (Ўзбекистонга қарши Тошкентда) ўтиши бизга қўшимча юк бўлади. Жанубий Корея термасида Осиёнинг кучли жамоаларига қарши муносиб кураша олиш қобилияти бор.
 
Рақиб ким бўлишидан қатъи назар биз энг кучли эканимизга ишонамиз. Ўзимизга бўлган ишонч ёрдамида барча тўсиқлардан ўта оламиз”, – деб ўз фикрини давом эттирди ярим ҳимоячи.
 
ЖЧ–2018 саралаши давомида 7 ўйинда майдонга тушган Жунг Ву Йонг терма жамоага қандай келиб қолгани ва ундаги вазифалари ҳақида маълумот берди.
 
Эслатиб ўтамиз, Жанубий Корея терма жамоаси бош мураббийи Шин Тэ Йонг Эрон ва Ўзбекистонга қарши ўйинлар учун 26 футболчидан иборат таркибни эълон қилганди.
 
Маълумот учун, Жанубий Корея терма жамоаси 31 август куни ўз майдонида Эронга қарши баҳс олиб борса, 5 сентябрь куни Тошкентда Ўзбекистон термаси билан куч синашади.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Жанубий Корея терма жамоаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!