Истанбул тижорат университетининг ректорини қўлга олиш учун келган полициячилар қўриқчилар билан қуролли можарога боришига сал қолди.
Бугун, 21 июль Туркиянинг Истанбул шаҳрида полициячилар орасида қуролли тўқнашув юз беришига оз қолди. Бунга Истанбул савдо университети ректорининг қўлга олиниши сабаб бўлган. Ректор Нозим Экреннинг шахсий қўриқчилари уни қўлга олиш учун келган полиция ходимларига қурол ўқталган. Бу ҳақда “CNN Turk”
ёзмоқда.
Ректорни қўриқлайдиган полициячилар ўз ҳамкасблари билан қарама-қаршиликка боргани сабаб Ички ишлар вазирлигининг махсус гуруҳи чақирилган. Бундан ташқари, ҳавога қарата икки марта ўқ узилган. Ўқ овози олийгоҳ ҳудудида ваҳимага сабаб бўлган, лекин ҳеч ким жабрланмаган.
Экрен ва унинг икки қўриқчиси махсус хизмат ходимларига таслим бўлишган ва айни дамда ҳибсда сақланмоқда. Ректор давлатга қарши уюштирилган исёнга алоқадорликда гумон қилинмоқда.
15 июль куни Туркияда давлатга қарши уюштирилган ҳарбийлар исёнидан сўнг, унга алоқадор шахсларни қўлга олиш давом этмоқда. Шубҳаланилаётган шахслар орасида таълим соҳасида ишловчи одамлар ҳам бор. Мактаб ва университетларнинг тўрт мингга яқин ўқитувчиси вақтинчалик ишдан бўшатилган. Бундан ташқари, ўнлаб декан ва ректорлар ишдан ҳайдалган.
Руслан Сулаймонов