Коньяга оиласи билан келган террорчи бу ерда Юсуф Хожа исмини олган яна бир террорчи билан учрашган. Улар 15 декабрга қадар теракт режасини тузган.
Аввалги маълумотларда террорчи 2 ой аввал оиласи, яъни рафиқаси ва 2 фарзанди билан Конья шаҳрига келгани айтилганди. Коньяда ўтказилган операция жараёнида террорчилар истиқомат қилган уйда ҳеч кимса топилмади.
Кейинчалик Измир шаҳрида ҳам ўтказилган бир неча қидирув операциялари давомида террорчиликка алоқадор қирғиз ва уйғур миллатига мансуб 27 кишидан иборат 3 оила вакиллари қўлга олинди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Коньяга оиласи билан келган террорчи Юсуф Хожа исмли яна бир террорчи билан учрашган. Улар 15 декабрга қадар теракт режасини тузишган ва автобусда Истанбул шаҳрига келишган. Полиция улар автобус чипталарини олганини аниқлади.
Янги йил кечаси Истанбулдаги Reina ресторанига бостириб кириб, меҳмонларга қарата ўт очган террорчи у ердан чиқиб, таксига ўтирган. Такси ҳайдовчисига “Оқсаройга бораман. Аммо пулини Оқсаройда дўстим тўлайди”, деб айтган ва ундан қўнғироқ қилиш учун телефонини сўраган. Террорчи ҳайдовчининг телефонини қайтариб бериш чоғида дўстининг қўл телефонига туша олмаганини айтган.
Терактдан сўнг ўтказилган суриштирув жараёнида такси ҳайдовчисининг қўл телефонидан терилган рақам текширилди. Рақам 3 кун мобайнида ишлатилмагани аниқланди. Полиция бу чалғитиш мақсадида қилинганини тахмин қилди.
Террорчи жиноят содир этганидан сўнг, такси орқали яна ўзининг Истанбулдаги “қароргоҳи”га қайтиб боргани айтилмоқда. У Санта-Клаус кийимини ресторанда қолдириб кетгани туфайли ёнида пул бўлмаган. Ресторандан топилган кийим чўнтагидан эса 500 турк лираси топилган. Террорчи манзилига етиб боргач, у ердаги уйғур ресторанига кириб ўша ердан пул олиб такси ҳайдовчисига берган.
Полиция ҳайдовчининг кўрсатмасига кўра, шу ерга келиб 7 нафар уйғур миллатига мансуб шахсларни қўлга олди.
Ҳозирча террорчининг шахси аниқланмади, бироқ унинг оиласи қўлга олинган. Унинг рафиқаси Янги йил кечаси юз берган теракт ҳақида телевидение орқали хабар топганини айтган.
Қирғизистонлик эканлиги айтилаётган террорчининг оиласи 20 ноябрда Истанбулга келган. Улар 22 ноябрда машинада Конья шаҳрига боришган. Бу ерда ижарада яшаган оила 3 ойлик ижара пулини олдиндан тўлаган.
Ҳозирда террорчини қидириш операцияси синчковлик билан олиб борилмоқда.