Сурия осмонида Исроил самолётига Россия қуролли кучлари томонидан ўт очилгани ҳақидаги хабарни Кремль рад этди.
Исроил ҳарбий самолётлари билан боғлиқ вазият юзасидан Дмитрий Песков қуйидагича жавоб берди: “Бу ҳолатда Исроил нашрининг хабари ҳақиқатдан йироқдир”.
Хабарда ёзилишича, Нетаньяху пайшанба куни Россия Президенти Владимир Путин билан суҳбатда, Сурияда Исроилнинг эркин ҳарбий операциялари билан боғлиқ муаммолар бўлганини айтган. Исроил вазири вазият юзасидан батафсил гапирмади, лекин қуйидаги сўзларни айтди: “Агар сиз мазкур ҳолатда чора кўрмасангиз, бу жиддийроқ оқибатларга олиб келади”.
Исроил нашри ҳарбий самолётларга қаерда ва қачон ўт очилгани ҳамда улар уриб туширилганми ёки йўқлиги ҳақида ёзмаган.
Исроилнинг “TV 10” телеканали айтишича, ўтган ҳафтада Россияга тегишли жанговор самолёт Исроил ҳарбий самолётига Суриянинг Ўртаер денгизига туташган қирғоқларида яқин келган, лекин улар ўртасида ҳеч нима содир бўлмаган.
20 апрель, чоршанба куни Исроил Бош вазири Россияга ташриф буюрди. Нетаньяху Москвага ташрифи чоғида Россияга бир мақсад учун келганини, яъни келажакда икки давлат ўртасида тушунмовчилик, кераксиз қарама-қаршилик келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида биргаликдаги хавфсизлик координациясини кучайтириш учун келганини, таъкидлаб ўтди.