14-15 апрель кунлари Истанбул шаҳрида ИҲТнинг 13-сессияси бўлиб ўтди.
Ислом ҳамкорлик ташкилоти 1969 йилда Марокаш пойтахти Работ шаҳрида тузилган. Унинг таркибига тўрт қитъанинг 57 давлати аъзо бўлиб кирган. Катталиги жиҳатдан ИҲТ Бирлашган миллатлар ташкилотидан сўнг иккинчи ўринда туради. Ташкилот мусулмон дунёсининг манфаатларини халқаро тинчлик ва муроса руҳи остида ҳимоя қилишдан иборат. Ўзбекистон ИҲТга 1996 йилда аъзо бўлган. Шундан буён ташкилотнинг сирқирра фаолияти ва тадбирларида иштирок этиб келади. Хусусан, Ўзбекистон томони 2016 йилда ИҲТ ташқи ишлар вазирлиги Кенгашида раислик қилади.
Сессия давомида турли хил масалалар муҳокама қилинмоқда. Жумладан, Яқин Шарқдаги кескин вазият, терроризм, экстремизм, Сурия ва Ироқдаги можаролар туфайли пайдо бўлган муҳожирлар муаммоси ва бошқа масалалар муҳокама қилинмоқда, дея “Dailysabah” хабар берди.
Истанбулдаги саммитда 30 дан ортиқ ИҲТнинг аъзо-давлат раҳбарлари иштирок этмоқда. Саммитда Саудия Арабистони қироли Салмон ибн Абдулазиз ал Сауд ва Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний ҳам қатнашмоқдалар. Бу икки давлат ўртасидаги муносабатлар Сурия ва Ямандаги можаролардан сўнг кескинлашган эди.
ИҲТнинг 13-сессияси давомида аъзо-давлатлар ташкилот доирасида халқаро полиция тизимини жорий этишга келишиб олдилар. Мазкур полиция терроризм ва бошқа жиноятларга қарши курашади.
Саммит якунида ИҲТнинг 2025 йилгача бўлган фаолияти ва режалари аниқлаштириб олинади.