Кеча, 25 апрель куни Президент Ислом Каримов ўтирган самолёт “Внуково-2” аэропортига бориб қўнди.
Икки мамлакат давлат байроқлари билан безатилган “Внуково-2” аэропортида олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Тантанали кутиб олиш маросимидан кейин Ўзбекистон делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди.
ЎзАнинг ёзишича, шу куни Ислом Каримов билан Владимир Путиннинг норасмий учрашуви бўлиб ўтди.
Ташрифнинг асосий воқеалари 26 апрелга белгиланган.
Икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон – Россия ҳамкорлиги ривожининг долзарб масалаларини муҳокама қиладилар, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик айрим муаммолар юзасидан фикр алмашадилар.
Аввал хабар қилинганидек, музокаралар якуни бўйича Ўзбекистон билан Россиянинг турли соҳалардаги ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланиши мўлжалланган.