Президент ўз мактубида 12 июль куни Италиянинг жанубий ҳудудида икки йўловчи поезди тўқнашиб кетиши натижасида қурбон бўлганларнинг оила аъзоларига таъзия билдирди.
Бугун, 13 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Италия Респубикаси Президенти Сержо Маттареллага Италия жанубидаги Апулия вилоятида юз берган темир йўл ҳалокати натижасида инсонлар қурбон бўлганлиги муносабати билан чуқур таъзия изҳор этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Президент Ислом Каримов ўз мактубида қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамда жароҳатлаганларга самимий ҳамдардлик ва қайғудошлик сўзларини етказишни сўради.
Маълумот учун, тўқнашув Италиянинг Корато ва Андриа шаҳарлари орасида жойлашган қишлоқ ҳудудида юз берган. Фалокатга айнан нима сабаб бўлгани маълум эмас. Тўқнашув кеча, 12 июль куни маҳаллий вақт билан 11:30 (Тошкент вақти билан 14:30)да содир бўлди. Икки поездда неча нафар йўловчи бўлгани ҳали аниқланмади.