Жангари интернет орқали унга гўзал ҳаётни ваъда қилди ва ҳаммадан воз кечиб, олдига келишга кўндирди.
Яқинда ИШИД чангалидан яна бир қанча аёллар озод бўлди. Улар орасида мактаб ўқувчилари ҳам бор.
Бир неча кун аввал, Доғистонда Нижний Новгород шаҳридан бўлган 16 ёшли мактаб ўқувчиси ИШИД чангалидан озод этилди.
Аслида мактаб ўқувчиси ўз хоҳиши билан террорчилар олдига борган. Жангарилардан бири ўз уйини тарк этиб, сафларига қўшилишга кўндирган. Қизалоқ манзилга етиб келгач, уни қамаб қўйишган ва қулликка сотиб юбормоқчи бўлишган.
Доғистонда ИШИДни йўқ қилишга қаратилган ҳарбий операциялар вақтида фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари хусусий уйларнинг бирида қулфланган хона ичида қолиб кетган 16 ёшли қизни топишди.
Ўсмир қиз ИШИД жангарилари ҳақида ўзи билган даҳшатли воқеаларни сўзлаб берди:
“Мен Махачкалага бир ўзим, интернет орқали танишган инсоним ваъда қилган гўзал ҳаётни кўриш учун келгандим. Аввалига, у менга нотаниш рақамдан қўнғироқ қилди. Кейин эса исмини айтди ва учрашиш таклифини билдирди.
У тунда қандайдир сўзларни қайтаришни айтар, мени ота-онам ҳам, дўстларим ҳам яхши кўрмасликлари, ҳеч кимга керагим йўқ экани, унинг ёнидагина бахтли бўлишим ҳақида гапирарди.
Ҳамма нарсани ташлаб, унинг олдига келдим. Кўп ўтмай, интернетда мен билан ёзишган шахснинг агрессив ҳаракатлари, айтаётган сўзларидан мени қулликка сотишмоқчи эканларини тушундим.
У мени қўрқитди. Агар айтганини қилмасам, ўлдириб юборишини айтди.
Ҳозир мен ўз яқинларим бағридаман. Аммо ўшанда қандай қилиб унинг сўзларига ишонганимни, азиз инсонларимни ташлаб, ўша жангарининг кетидан кетганимни тушунолмаяпман”.
ИШИДга қарши ўтказилган ҳарбий харакатлар чоғида омон қолган бу қиз ўз ота-онасини ҳам ташвишга қўйганини кеч тушуниб етди. Қизининг йўқ бўлиб қолганини сезган ота-она ундан буни кутмаганликларини айтишди:
“Қизимиз мактабдаги энг аълочи ўқувчилардан. Ундан буни сло кутмагандик. Мактабга ўзимиз олиб бориб, ўзимиз олиб келардик. Доимо кўз олдимизда бўлган. Тахминимизча, у тунда, ҳамма уйқуга кетган вақтда ўша номаълум шахс билан суҳбатлашиб юрган”.
Маълумотларга кўра, ИШИД террорчилари келажакда ҳудкуш аёллар, жория асиралар бўладиган “хўрак”ларни топишни жангари аёлларга ҳам юклашади.
Кам таъминланган, қийналиб кун кўраётган, оилавий муаммолардан чарчаган аёллар, қизлар ўлжага айланишади.
Бироз маблағ ва руҳий тайёргарликдан сўнг, уларни ҳеч бир йўл билан оиласи ва яқинлари даврасига қайтариб бўлмайдиган даражага келиб қолишади. Ҳақиқатни эса “манзил”га етганда англашади. Аммо у ерда уларнинг фарёдини, оҳу-воҳини тўрт девордан бошқа ҳеч ким эшитмайди.
ИШИД томонидан ёлғон ишлатиб, чақириб олинган ўсмир қизнинг ота-онаси қизлари ғойиб бўлганидан бир неча соат ўтиб полицияга мурожаат қилишди.
Тезкор ҳаракатлар туфайли уни озод этишга муваффақ бўлдилар. Агар полиция, фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари бироз кечикканида эди, 16 ёшли қизалоқ, уни сотиб олишга рози бўлган разиллар қўлига ўтиб кетарди.
Ўсмир қизнинг кўрсатмалари асосида уни алдаб чақиришда иштирок этган қатор шахслар қўлга олинди. Бироқ у билан интернет ва телефон орқали ёзишган, суҳбатлашган қора ниятли шаҳзодани топишнинг имкони бўлмади. Айни вақтда у федерал қидирувга берилган.