Таниқли италиялик жарроҳ Сержио Каннаверо инсоннинг бошини кўчириб ўтказиш бўйича жарроҳлик амалиётини ўтказмоқда.
Бу – аср жарроҳлик амалиёти бўлиши ёки аксинча тиббиёт тарихидаги шармандалик ҳолатлардан бири сифатида якунланиши мумкин. Бир неча йиллар тайёргарлик кўрилган жараён, ҳозир амалга оширилмоқда. Хитой касалхоналаридан бири бу борада тажриба майдончасига айлантирилган, бир гуруҳ жарроҳлар айни дақиқаларда инсон бошини кўчириб ўтказмоқдалар.
Бу жарроҳлар беморнинг ҳаётига қўшиб ўзларининг обрўсини ҳам гаровга тикишган. Италиялик Сержио Каннаверо бу жарроҳларга бошчилик қилмоқда.
Сержио Каннаверони айримлар ҳозирги давр даҳоси деса, кўплар уни лўттивозликда айблашади. Нима бўлганда ҳам, айнан мана шу италиялик жарроҳ асрлар давомида қанчадан-қанча хитой императорлари, англия монархлари орзу қилган абадий ҳаёт ва ёшликка йўл очиб беришни ваъда қилмоқда.
Бу жарроҳлик амалиётининг икир-чикирлари – жуда ҳам махфий тутилган. Охирги вақтгача тиббиёт фани муваффақияти учун ўз жонини қурбон қиладиган одам тўғрисидаги маълумот ҳам сирлигича қолди.
Муқаддам бундай тажрибага биринчи рақамли номзод россиялик дастурчи Валерий Спиридонов бўлган эди. Унга орқа мушаклар атрофияси ташхиси қўйилиб, у ўзининг деярли ишламай қолган танасидан қутулиш учун барча нарсага тайёр бўлган эди.
Лекин, Каннаверонинг тажрибаси учун Хитой касалхона ажратишга рози бўлди. Шунингдек, бемор, врачлар жамоаси ҳам хитойдан танланди. Қолаверса, расмий Пекин бунақа амалиётларни доимо қўллаб-қувватлаб келади ва молиявий маблағларни аямайди. Фақат, Хитойда донорлар қандай қидирилгани, топилгани тўғрисида ҳеч нарса айтилмайди.
Сержио Каннаверонинг эълон қилинган охирги муваффақиятли амалиётларидан бири, маймунниг бошини кўчириб ўтказиш бўлган. Одамлар устида олиб борилган шундай амалиётлар тўғрисида ҳам гапирилган, лекин далил келтирилмаган. Матбуотга сиздирилган хабарларга кўра, ўлган одамга унинг усули бўйича бош 18 соат давомида кўчириб ўтказилгани, бугунги амалиётга тайёрланишнинг сўнгги босқичи ҳисобланган.
Каннаверога Хитойлик ортопед шифокор ёрдам бермоқда. У беш йилдан бери кемирувчиларда шундай амалиётни бажариб келган ва унинг тажрибаси остидаги кемирувчилар узоғи билан икки соатгина яшашган. Лекин, хитойлик шифокор ҳам ўз ниятидан қайтмаган.
Расмий тиббиёт Сержио Каннаверонинг фаолиятига шубҳа билан муносабатда бўлади. Кўп мутахассислар бу амалиётни катта фирибгарлик деб баҳолашмоқда. Лекин, дунёдаги миллонлаб одамлар италиялик мўъжиза кўрсатишига ишонишаяпти. Шунингдек, Каннаверонинг ўзи ҳам муваффақиятига ишониб турибди ҳамда кексалик ва ўлимни енгиш қўлидан келишини таъкидламоқда.