Куз мавсумида пойтахт саҳналари хорижлик санъаткорлар билан банд.
Концертлар мавсумини бу йил хориж эстрадаси вакиллари бошлаб берадиган кўринади. Хусусан, 29 август куни “Истиқлол” санъат саройида Туркиянинг энг кўзга кўринган хонандаларидан бири Рафет Эл-Роман ўз қўшиқларини илк бор ўзбек томошабинига тақдим этади. Бу хонандани балки кўпчилик яхши танимас, лекин унинг ижодига ўзбек хонандалари тез-тез мурожаат қилиб турадилар ва уларнинг аксарияти хит даражасига кўтарилган.
1 сентябрь куни эса “Истиқлол” санъат саройи яна бир хориж ижодкорининг концертига мезбонлик қилади. Шу куни Италиянинг машҳур опера ва эстрада хонандаси Алессандро Сафина ўз концертини тақдим этади. Чет эллик ижодкорга Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри ҳамроҳлик қилади. Концерт учун чиптанинг баҳоси 100 000 сўмдан 1 200 000 сўмгача этиб белгиланган.
5 сентябрь куни “Туркистон” саройининг ёзги биносида Россиянинг машҳур гуруҳларидан бири - “Серебро” концерт дастурини тақдим қилади. Қўшиқлар жонли ижрода куйланиши айтилмоқда. Чипта баҳоси 100 000 сўмдан 700 000 сўмгача этиб белгиланган.
Бундан аввал, яна бир туркиялик машҳур юлдуз – Сардор Ўртачнинг Тошкентда концерт бериши ҳақида хабар бергандик. Сардорнинг концерт дастури 25-26 сентябрга мўлжалланган.