Хонандалар Муниса Ризаева ва Адҳам Солиевнинг номи Аҳмадбойга пул берган таниқли санъаткорлар рўйхатидан қайд этилган эди.
“Қайсидир санъаткор Аҳмадбойга пул берган бўлиши мумкин. Лекин мен пул тугул, сигир ҳам бермаганман. Telegram’да чиқарилаётган рўйхатга мени қўшманглар, илтимос. Ундан кўра Рамазон ойида юртимизга тинчлик, ўзингизга ва ота-онангизга соғлик сўранглар. Қўйинглар шундай нарсаларни. “Бўри эдим, бўри, йигитларнинг зўри”, деб юринглар”, дейди хонанда ўз видеомурожаатида.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдурашид Йўлдошев мазкур видеони тармоққа жойлаштирар экан, унга қуйидагича изоҳ қолдирди.
“Ҳақиқатан бировнинг орқасидан бўлмаган гапларни тарқатгандан кўра, улуғ кунларда савоб ишлар билан машғул бўлсак, ўзимизга кўпроқ фойда бўларди”.
Юқорида таъкидлаганимиздек, ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган рўйхатда хонанда Муниса Ризаеванинг ҳам номи қайд этилган эди. Ризаева бу гапларга нисбатан жавоб берар экан, Аҳмадбойни, ҳатто, танимаслигини айтди.
“Бугун менга қандайдир Аҳмадбойга пул берганим ҳақидаги хабарлар етиб келди. Мен бундай одам борлиги ҳақида биринчи бор эшитиб турибман. Мен ҳеч кимга, ҳеч қандай пул бермаганман, айниқса, фоизга ва икки баробар қилиб кўпайтириб беришга. Бу жуда катта гуноҳ! Яратганга шукр, менинг ҳамма нарсам бор ва булар менга етади. Хуллас, ҳар хил одамларнинг гап-сўзларига ишонманглар”, дейди Муниса Ризаева.
Маълумот учун, Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги “Чиноз ҳалол чорва” ва “Чиноз авто ҳамкор” масъулияти чекланган жамиятларининг муассиси Аҳмаджон Турсунбоев йилига камида 100 фоизлик дивиденд тўлаш, яъни икки баробар қилиб қайтаришни ваъда қилиб, жуда катта миқдордаги омонат маблағларини миллий ва хорижий валютада қабул қилиш билан ноқонуний равишда шуғулланиб келган. Бундан ташқари, “тадбиркор” йилига 40 фоизлик устама тўлаш шарти билан аҳолига қарз бериб келган.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида Аҳмаджон Турсунбоев ва унинг яқин қариндошлари уй-жойлари, уларга қарашли корхоналарда айтиб ўтилган тартибда ўзлаштирилган 13 миллиард 139 миллион сўм ва 12 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар борлиги аниқланган.