Манзура Йўлдошева “Тингла фарёдим” ва “Менинг қалбим” номли қўшиқлари ҳамда уларга ишланган видеоклипларни тақдим этди.
Кеча, 15 январь куни пойтахтдаги ресторанлардан бирида хонанда Манзура Йўлдошеванинг юқорида номлари санаб ўтилган қўшиқлари ва уларга ишланган видеоклиплари, қолаверса, “Тингла фарёдим” номли мусиқий альбоми тақдимоти бўлиб ўтди. Унда хонанданинг оила аъзолари, санъаткор дўстлари, маданият ва санъат оламининг кўзга кўринган вакиллари – хонанда ва созандалар, актёр ва актрисалар иштирок этди.
Кечага Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Мавлуда Асалхўжаева, Райҳон Ғаниева, Улуғбек Раҳматуллаев, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари Ирода Дилроз, Мадина Мумтоз, хонандалар Муниса Ризаева, Элёр Маҳкамов, Шаҳриёр, актрисалар Шаҳло Темирова, Муқаддас Саъдуллаева, телебошловчи Зайнаббегим Юсунова ташриф буюрдилар.
Тақдимот маросимини “Ўзбегим таронаси” радиоси бошловчиси Дилмурод Ғуломов олиб борди.
Маросим Манзура Йўлдошеванинг “Тингла фарёдим” қўшиғининг клипи намойиши билан старт олди.
Мазкур қўшиқ шеъри шоир Тоҳир Муҳаммад, аранжировкаси эса Жасур Бадалбоевга тегишли. Клипни эса истеъдодли режиссёр Дилмурод Агзамов суратга олган.
“Тингла фарёдим” Манзура Йўлдошеванинг ижодида алоҳида ўрин тутиши аниқ. Хонанда навбатдаги сокин таронасида ҳаёт ҳақиқатини куйлашга ҳаракат қилган. Умримиз давомида дуч келадиган икки йўл – адолат ва разолат, икки ранг – оқ ва қора клипда шу қадар моҳирона акс эттирилганки, унда ҳар бир томошабин ўзини қидиради. Клип ҳақида ўз фикрини билдирганлар ҳам буни алоҳида эътироф этдилар. Хусусан, хонанда Муниса Ризаева фикр билдирар экан, сўзи аввалида тақдимот маросимига ҳовузда сузиб келаётгинини, саҳнага чиқа олмайдиган кўринишда эканини айтиб, йиғилганлардан узр сўради. Муниса Манзуранинг мухлиси эканини, янги қўшиқ ва клип ҳам унинг ижодида алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.
Манзуранинг отаси Ўзбекистон халқ рассоми Муборак Йўлдошев эса ижодкор ҳеч нарсага бир ўзи эриша олмаслиги, уни ўраб турган муҳит, одамлар муваффақиятнинг асосий калити бўлишини айтиб, қизи билан ҳамкорлик қилганларнинг меҳнатини ҳам алоҳида тилга олди.
Навбат Манзура Йўлдошеванинг “Менинг қалбим” қўшиғи ва унга ишланган видеоклипига берилди. Иккинчи қўшиқ ва клип ҳам тақдимот маросимига йиғилганлар томонидан илиқ кутиб олинди.
Хонанда Ирода Дилроз сўзга чиқиб, Манзура Йўлдошева билан дугона бўлганига бу йил 21 йил тўлганини, бу йиллар ичида Манзура шоу-бизнесда ўз мавқеини топишга улгурганини ва янги йилни ҳам қатор ютуқлар билан бошлаганини айтди.
Бугунги кунда ўзбек шоу-бизнесида тўйбоп, уч кунлик қўшиқлар жуда кўп. Албатта, бундай қўшиқлар Манзуранинг ижодида ҳам топилади. Бироқ хонанданинг янги “Тингла фарёдим” номли қўшиғи ва унган ишланган видеолипида томошабинга айтишга арзигулик гап, тингловчининг эса хулоса чиқаришига сабаб бўлувчи омиллар бор. Бир сўз билан айтганда, ўзбек санъатида маъноли қўшиқлар сони яна биттага ортди.