Халқаро ташкилот вакиллари Ўзбекистондаги ўзгаришлар билан танишди.
Кеча, 30 март куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Халқаро ҳамкорлик бошқармасида мазкур халқаро ташкилот офисининг Марказий Осиё бўйича директори Стив Свердлов ва офиснинг Қозоғистон Республикаси бўйича маслаҳатчиси Виктория Ким билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ Матбуот хизмати хабар қилди.
Халқаро ташкилот вакилларини Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Қутбидин Бурхонов қабул қилди.
Бурхонов меҳмонларни Ўзбекистонга ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистонда ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Ўз навбатида, Стив Свердлов илиқ ва самимий қабул учун миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар доирасида муҳим ижобий ўзгаришлар кўзга ташланаётгани ва бу жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётганини таъкидлади.
Суҳбат чоғида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, хорижий вакиллар билан “Тараққиёт стратегияси” марказида ҳам учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида халқаро ташкилотининг Ўзбекистонда ОАВ фаолияти эркинлигига бағишланган ҳисоботи ҳамда 2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.
Стив Свердлов Ўзбекистонда сўнгги вақтларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, Тошкент шаҳридаги 1-сонли ҳибсхона (Тоштурма)нинг тугатилишини алоҳида эътироф этди.
Ўз навбатида, марказ ижрочи директори Акмал Бурханов Ўзбекистон ҳукумати доимо халқаро ташкилотларнинг таклиф ва тавсиялар учун очиқлигини таъкидлаб, Халқаро Инсон Ҳуқуқлари Ташкилоти вакилларининг фикр ва таклифларни “Тараққиёт стратегияси” маркази ва бошқа инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларга йўллашлари мумкинлигини билдирди.