Самандар Маҳмудов айтиб берган воқеа истироҳат боғи директори фикрларидан кескин фарқ қилади...
Баҳром Якубовнинг ёнида икки нафар дўсти бўлган. Самандар Маҳмудов ҳамда Сардор Остоновлар таҳририятимиз билан боғланиб, воқеанинг қай тарзда юз берганини сўзлаб берди.
Самандарнинг айтишича, Баҳром билан видеоролик учун жой танлагани йўлга чиқишган. Йўл бориб истироҳат боғидаги аттракционга етаклаган.
Аттракционда содир бўлган воқеа истироҳат боғи директори фикрларидан анчагина фарқ қилади. Буни ўзингиз тинглаб ишонч ҳосил қилишингиз мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Баҳром “Панда” номли аттракциондан фойдаланган ва ундан йиқилиб оғир тан жароҳати олган.
Бахтсиз ҳодиса натижасида Баҳром Якубовнинг қўли ва оёғи синган, бундан ташқари, унинг ўнг юзи фақатгина пластик жарроҳлик ёрдамида тикланиши мумкинлиги айтилмоқда.
Баҳромга ёрдам кўрсатиш мақсадида акция ташкил этилган бўлиб, унга кўмак қўлини чўзишни истаганлар тўлов карталари орқали ёки бошқа тўлов хизматлари орқали пул кўчиришлари мумкин.
Баҳром Якубов билан рўй берган бахтсиз ҳодиса тафсилотлари — боғ маъмурияти томонидан бошқача, Баҳромнинг дўстлари томонидан тамомила бошқача тасвирланмоқда.
Баҳром Якубовнинг дўстлари таъкидлашича, боғ маъмурияти ўзларини соқит қилиш мақсадида аттракциондан фойдаланувчига нисбатан аввал “спиртли ичимликлар ичган”, кейин “селфига ўрнидан турган” вариантини қўллаб кўришган.
Кейин Баҳромнинг оёғини боғлаш учун айнан у ўтирган ўриндиқнинг хавфсизлик камари ечиб олинганлиги (қурилмада 10–15 та ўриндиқ бор), сўнг яна жойига илиб қўйилгани ҳам шубҳали...
Маълум бўлишича, истироҳат боғи маъмурияти аттракционда рўй берган кўнгилсиз воқеада ўзларини айбдор деб билишмайди, шунинг учун бўлса керак, шу кунларда жабрланган беморнинг ҳолидан хабар олишга ҳеч ким келмаяпти.
Ҳозирда тергов ҳаракатларини олиб бораётган тегишли ташкилот ходимларидан воқеа сабабларини ўрганаётганларида, маълум хулосаларга келаётганларида холислик нуқтаи назаридан қарашлари лозимлигини сўраб қоламиз.
Токи ўйинни ўйинчоқ қилган ёшлар ҳам, пул топаман деб хавфсизликни унутган масъуллар ҳам ўз хатти-ҳаракатлари-ю зиммасидаги жавобгарликка жиддий эътибор беришса.
Таҳририятимиз мазкур мавзуга яна қайтади...