Британияда Гулнора Каримованинг мулкларини мусодара қилиш бўйича ариза топширилди.
Бошқарма 2002 йилдаги қабул қилинган “Жиноий фаолиятдан олинган даромадлар тўғрисида”ги қонуннинг 5-қисмига мувофиқ фуқаролик тартибида Каримовага тугишли мулкларни мусодара қилиш бўйича судга даъво билан мурожаат қилган.
Шикоят Гулнора Каримова ва Рустам Мадумаровларнинг қатор активлари ва Британия ҳудудидаги учта объектга алоқадор. Бошқарма фикрига кўра, бу мулклар Ўзбекистонда коррупция йўли билан топилган даромадлар ҳисобига олинган.
Эслатиб ўтамиз, Гулнора Каримованинг ўғли Ислом ва қизи Имон ҳозирда Лондонда яшаяпти. Имон яқиндагина акасининг олдига борди.
Шунингдек, Имон Каримова Instagram’даги саҳифасида онаси уйда экани айтилган пост қолдирди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси эса Гулнора Каримова қонун билан белгиланган тартибда жазо ўтаётганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Бош прокуратура Гулнора Каримова жиноий иши бўйича тўлиқ расмий маълумотни эълон қилган эди. Унда қайд этилишича, ҳозирда 12 та хорижий давлат ҳудудида 1 млрд 394,1 млн АҚШ доллари, 63,5 млн евро, 27,1 млн фунт ва 18,5 млн франк миқдордаги маблағ легаллаштирилган.
Гулнора Каримованинг коррупция ва пулни ўзлаштириш билан боғлиқ жиноятларни содир этишдаги айби уюшган жиноий гуруҳ аъзолари Н.Содиқов, Р.Мадумаров, Ш.Собиров ва бошқаларнинг, гувоҳлар, жабрланувчиларнинг кўрсатувлари, уюшган гуруҳ назоратидаги 45 та хўжалик юритувчи субъектлар ва 16 та оффшор компаниялар фаолиятини текшириш материаллари, олинган ёзма ва ашёвий далиллар, экспертиза хулосалари ҳамда иш бўйича тўпланган бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топган.
Гулнора Каримовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168, 178, 182, 189, 228 ва 243-моддалари билан айблов эълон қилиниб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.