Ўлимидан бироз аввал режиссёр юрак хуружини бошдан ўтказган эди.
У “Борт ортида”, “Гўзал қиз”, “Маликанинг кундалиги”, “Қочоқ келин” номли қатор машҳур фильмларга режиссёрлик қилган.
Маълумотларга кўра, режиссёр пневмониядан азият чеккан ва айнан унинг асоратлари натижасида оламдан ўтган. Шу билан бирга, яқин кунларда режиссёрнинг юрак хуружини бошдан ўтказгани ҳам айтилмоқда. Гарри яхши таниган актрисалар унинг ўлими ҳақидаги хабардан сўнг, севимли режиссёрларини хотирлашди ва у ҳақда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида қуйидаги сўзларни ёзиб қолдиришди:
“Севимли Гарримиз оламдан ўтди. У оиламизнинг чинакам дўсти эди. Раҳмат, Гарри. Сен яратган бемисл фильмлар учун ташаккур. Энди сен Яратганнинг ҳузуридасан. Биз сени яхши кўрамиз”, деб ёзади “Борт ортида” фильми бош роль ижрочиси, актриса Голди Хоун.
“Мен учун Гарри билан ишлаш бемисл тажриба манбаи эди. У нафақат яхши режиссёр, балки қалби тоза инсон, ажойиб эркак ҳам эди”, дейди Алисса Милано.
Маълумот учун, пневмония – ўпка тўқималарини шикастловчи ўткир респиратор инфекция тури саналади. Ўпка альвеола деб номланувчи кичик халтачалардан иборат бўлиб, соғлом одам нафас олганда ҳаво билан тўлади. Инсон пневмония билан касалланганда, альвеолалар йиринг ва суюқликка тўлади. Бу эса нафас олишда оғриқ беради ва кислород келишини чеклайди.