...
МЕНЮ
ONLINE TV

Футболчиларнинг узрли видеолари кимга керак эди? Саволга Умид Аҳмаджонов жавоб берди


20:37, 05.09.2018 Интервью
 10 785

Ўзбекистон ОТЖ Индонезияда Жанубий Кореяга ютқазгандан сўнг, ижтимоий тармоқларда бир видео тарқалди.

Яна футбол мавзусига қайтамиз ва ижтимоий тармоқларда тарқалган видео: Ўзбекистон ОТЖ футболчилари ва мураббий Равшан Ҳайдаровнинг Жанубий Корея билан ўйиндан сўнг қилган видео мурожаатига эътибор қаратамиз. (юқоридаги видеоплеерда)
 
Бу ерда табиийки савол туғилади, видеода ўзини жуда ҳам қаттиқ айбдордек кўрсатган Равшан Ҳайдаров ва унинг шогирдлари айнан нимага бундай видеода суратга тушиб бердилар. Улар бу ишлари билан нима қилмоқчи бўлган эди. Тўғри, мағлубиятдан аламзада бўлган мухлисларга ўзимизни кўрсатсак, гапирсак, уларни тинчлантирамиз деб ўйлаган бўлиши мумкин.
 
Аммо бу видео айтайлик деярли ҳеч кимга ёқмади, ҳатто ўша футболчиларнинг жамоадошлари ҳам бу видеодан фақат кулганларини таъкидлашди. Ҳақиқаттан видео “прикол” бўлган. Айниқса, камера ярим ҳимоячи Одил Ҳамробековнинг юзини олдига яқин олиб келиниб, ҳижолатдан минг ўлиб узр сўраётганини айтмайсизми? Яна бир савол туғилади: ким футболчиларни видеога олиб гапиртирди? Нима футболчи ва мураббийнинг ақллари шунчалик пастми ёки улар бунга мажбур бўлдими?
 
Хуллас, ҳамкасбимиз Матлуба Мустаева шундай саволларга жавоб олиш учун Миллий олимпия қўмитаси президенти, ЎФА биринчи-вице президенти Умид Аҳмаджоновдан интервью олди. Умид Аҳмаджоновнинг айтишича, ОТЖ кўрсатган натижа раҳбариятда яхши таасурот қолдирган ва ҳеч ким футболчиларни узр сўрашга мажбур қилмаган.
 
Шуни ҳам айтиб ўтишимиз даркор интервью Умид Аҳмаджонов Жакарта шаҳрида бўлганида олинган.
 
— Хайрли кун, Умид Маҳамаджанович! Жакартада чарчаш йўқми?
 
— Салом! Чарчашга вақт йўқ деса тўғрироқ бўлади.
 
— Футболчиларга нима бўлди? Чемпион бўлади, деб кутгандик…
 
— Биз ҳам бунга катта умид боғлагандик. Ўйинни кўрган бўлсангиз керак, насиб қилмади. Ҳамма бирдек ҳаракат қилди. Энди спортнинг бошқа турларида олтин медаллар йўлида кураш олиб боряпмиз.
 
— Билишимизча, футболчиларнинг натижаси раҳбариятга ёқмаган экан…
 
— Буни ким айтди? Агар футболчилар умуман ҳаракат қилмай, рақибни шунчаки ўтказиб юборганларида фикрингизга қисман қўшилишим мумкин эди. Ахир улар майдонда жонларини бериб ўйнашди. Бизга энг кераги ҳам аслида шу эди.
 
— Бундай деяётганимнинг сабаби — ҳамма жойда тарқалиб кетган Равшан Ҳайдаров ҳамда футболчиларнинг сизга мурожаати…
 
— Тўғрисини айтсам, видеони сайтларда кўрдим. Жамоа аъзолари чин кўнгилдан нимадир қилмоқчи бўлган. Аммо бундай нарсани ҳамма жойга тарқатиш биринчи хато. Қолаверса, нима бўлганини ҳаммамиз кўрдик, демак, жамоанинг ортиқча тушунтириш беришига ҳожат йўқ. Биз улардан буни талаб қилмаганмиз.
 
— Рости мен ҳам шунга ҳайрон бўлгандим.
 
— Бу ишни ким қилганини тагига етдик. Ёмон ниятда қилмаган, шунчаки, ёшлик қилган. Мағлубият бизники, кейинги сафар хатолар устида ишлашимиз керак. Ғалаба эса мухлисларники, биз халқимизни хурсанд қилиш йўлида меҳнат қиламиз. Спортчилар билан учрашганда ҳам доим шуни таъкидлайман. Чунки ўзимга ҳам Президентимиз асосий мақсадим одамлар кўзида қувонч ва бахт кўриш, деб айтганлар. Улар шу йўлда ҳаракат қилишлари, спорт эса соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиши керак.
 
— Демак, жамоага ҳеч қандай эътироз йўқ?
 
— Қандай эътироз бўлиши мумкин?! Бу аслида норасмий мусобақа. Биз шунчаки футболчиларни, мухлисларни уйғотиб олиш учун ҳам ҳар қандай ўйинда, мусобақада ғолиб бўлиш учун ўйнаяпмиз. Футболчига нима фарқи бор у қандай ўйин эканини, терма номидан майдонга тушяптими, борини бериши шарт. Жанубий Кореяга қарши ўйинда йигитлар буни сидқидилдан бажардилар. Асосий мақсад эса Токио-2020 ва Қатар-2022. Шунинг учун ҳам хориждан машҳур мутахассисларни таклиф қилдик.
 
— Ҳакамлар ҳақида нима дея оласиз?
 
— Ҳеч нарса. Улар ўйинни яхши бошқарди. Биз ўз хатоларимиз эвазига мағлуб бўлдик. Хато эса ҳаммада ҳам бўлиб туради.
 
— Об-ҳаво, майдон ҳолати ҳақида-чи?
 
— Ҳар икки жамоа бир хил шароитда тўп сурди. Тўғри, иқлим анча мураккаб эди. Биз трибунада ўтириб баъзида нафас олишга қийналдик. Лекин унутмайликки, Осиё ўйинларига келган ҳамма спортчи шу иқлим билан тўқнашмоқда. Спортнинг қизиқ тарафи ҳам, мураккаблиги ҳам шунда. Биз бунга доим тайёр туришимиз керак.
 
Жавобингиз учун раҳмат!
 
— Сизга ҳам раҳмат. Равшан акага ҳам, йигитларга ҳам, видеочиларга ҳам ўзимиз тушунтириб қўямиз. Ўзи шундоқ ҳам мағлубиятни ҳазм қила олишмаяпти, одамларнинг гапи уларни бундан баттар эзади. Шунинг учун ҳеч ким уларга қаттиқ гапиргани йўқ.
 
Суҳбатни борича бердик. Фақат Умид Аҳмаджоновнинг шевада ёзган гаплари адабий тарзда ёзилди. Муҳими, унинг ўзи вазиятни яхши тушунди. Бу ёғига хулоса ўзингиздан.
 
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Осиё ўйинлари чорак финалида Жанубий Кореяга аламли тарзда мағлубиятга учради ва турнирни шу босқичда тамомлади.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон ОТЖ 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!