...
МЕНЮ
ONLINE TV

Футбол мухлислари ўқимасин! Футболчиларимиз “доимий назоратда” бўлишга тайёрми?


17:03, 27.09.2017 Спорт
 5 024

Ўзбекистонга футболга оид техника ва технологияларни олиб келиш учун миллиардер бўлиш шарт эмас!

Азиз футбол мухлислари! Ўқиманг эмас, ўқинг! Ахир қуйида келтирилган мулоҳазалар йиллар давомида қалбингизни кемириб келаётгани рост...
 
Ҳеч кимга сир эмаски, ХХI аср технологиялар асри. Олимлар одамларнинг маиший турмуш тарзини янада яхшилаш мақсадида ҳар хил роботлар ишлаб чиқаришмоқда. Улар эса инсониятнинг катта ҳажмдаги қийин ишларини ўзлари бажариб, юқори даражада фойда келтирмоқда.
 
Тан олайлик, айни дамда Ўзбекистонда айрим давлатларда яратилган шароит ёки имкониятларнинг деярли ҳаммаси йўқ. Узоқ эмас, яқин Қатар ва Саудия Арабистони давлатларининг футбол бўйича миллий чемпионатларига разм соламиз. Уларда шундай техникалар борки, футболнинг ривожланишига катта ҳисса қўшиб келмоқда.
 
Келинг, оддий мухлис сифатида сўраймиз...
 
Сиз Ўзбекистон миллий чемпионатида ўйнаётган футболчиларнинг жисмоний ҳолатидан хабардормисиз?
 
Улар бир ўйинда ўртача қанча километр масофани югуриб ўтади? Нега марта аниқ ва ноаниқ ҳаракатлар билан тўп узатади?
 
Футболчиларнинг максимал тезлиги қанча?
 
Ўйин давомида рақиб дарвозаси томон неча марта зарба берилади? Зарбаларнинг кучи қандай?
 
Хўш, сиз бу саволларга жавоб бера оласизми...
 
Ким бу борада бизга баралла овозда “МЕН” деб жавоб бераркин?
 
Клуб матбуот хизмати вакилларини тўғри тушунамиз. Уларнинг кундалик вазифалари билан яхши танишман. Катта ҳажмдаги ишларни ўз бўйнига олишган. Аммо ўйин якунланганидан кейин жилла қурса “учрашув статистикаси” ҳам тақдим этишмайди.
 
Кўряпсизми? Ўзбекистонда шу жиҳат борасида бирор сайт аниқ маълумотларни тарқатмайди. Ҳатто Биринчи лига жамоаларининг матбуот котиблари баъзида Олий Лига жамоаларидаги ҳамкасбларидан яхшироқ ишлашмоқда.
 
Европа Чемпионлар Лигаси ўйинларини кўрасиз. Бу натижаларнинг барчаси онлайн тарзда ҳисоблаб борилади ҳамда УЕФА расмий сайтида эълон қилинади. Телетрансляциялар давомида намойиш этиб борилади.
 
Аслида, бундай технологияни Ўзбекистонга жалб этиш қийинмас. Футболчиларнинг оёқ кийими (бутса) тагида махсус чип қўйиладиган жойи бор. У бутсанинг тагида, яъни ўртасида жойлашган бўлади.
 
Чиплар орқали натижаларни биргина смартфон орқали кузатиб борса бўлади. Бутун бир жамоанинг натижаларини эса биргина компьютер дастури ҳисоблай олади. Бундай техникани олиб келиш учун миллиардер бўлиш шарт эмас.
 
Шак шубҳасиз бундай техника фақат фойда учун хизмат қилади. Унинг ижобий тарафларини келтириб ўтамиз.
 
1. Аввало биз футболчиларнинг жисмоний ҳолати ҳақида катта маълумотларга эга бўламиз. Футболчиларнинг қандай кучга эга эканлиги билан ҳам яқинроқ танишамиз.
 
2. Терма жамоа, клуб мураббийлари ҳам футболчиларнинг натижаси билан танишиб боради ва ким аслида қандай эканлигини билиб олади.
 
3. Натижаси паст бўлган футболчилар халқ олдида ёмон кўриниб қолмаслик учун темп қўшади, фаол бўлади, кўпроқ югуради.
 
4. Натижалар орқали ўз камчиликларини кўради ҳамда янада кўпроқ ўз устида ишлайди. Агар ишлагиси келса... ёки ... яна ўзи билади!
 
5. Агарда хориж жамоаси ўзбекистонлик футболчини харид қилиш истагида бўлса, харидор биринчи ўринда  бошқа футболчиларнинг натижаларини солиштириб кўради. Чунки, футболчини текинга сотиб олмаяпти.
 
Ана ўшанда четга чиққан футболчилар ўз трансферини оқлаши мумкин.
 
Демоқчимизки, Игорь Сергеевнинг куни четга чиққан футболчилар бошига тушмайди. Ўз вақтида Ўзбекистон терма жамоасининг алмаштирилмас ҳужумчиси Игорь Сергеев Хитойни саёҳат қилиб келганди.
 
Бундай техника ва технология орқали ўзбек футболи бунданда юқорироққа кўтарилиши аниқ!
 
PS: Азизлар, ёзганларимни ўқимаслигингизга, қўшилмаслигингизга ҳаққингиз бор. Биз журналистлар ўзбек футболини катта чўққиларга кўтарилишини, стадионларга мухлислар қайтишини худди сиздек истаймиз. Бироқ қўлимиздан келгани таклифлар бера олиш. Қолгани масъул шахсларнинг ишларига боғлиқ.
 
Эслатиб ўтамиз, ўтган куни “Футбол мухлислари ўқимасин! Ўзбекистон футболининг келажаги борми?” номли туркум мақолаларнинг биринчисини эълон қилган эдик. Унда миллий футболнинг ўтмиши, бугунги куни ва келажаги ҳақида таҳлилий фикр-мулоҳазалар, баҳс-мунозаралар юритилган.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Техникалар замони ЎФФ таклифлар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!