Франция Туркия ва Эронни халқаро ҳуқуқ қоидаларига зид ҳаракатларда айблади.
Вазир Сурияда Туркиянинг курдларга қарши кураши, Эроннинг “Ҳизбуллоҳ” террорчилик гуруҳини қўллаб-қувватлашини қоралади.
Шунингдек, ле Дриан урушдан эндигина қутулган Сурия ҳудудида яна урушни алангалатмасликни, у ердаги тинч аҳоли туркларнинг ҳужуми натижасида зарар кўрмаслиги кераклигини ҳамда БМТ ҳам бу ҳолатларни ҳисобга олиб чора кўриши лозимлигини таъкидлаган.
Вазир етти йил давом этган ИШИДга қарши урушда Эрон Суриянинг иттифоқчиси сифатида мамлакатга ўз ҳарбийларини киритгани, бунинг натижасида у ердаги “Ҳизбуллоҳ” жангариларининг фаоллашувига кўмаклашгани ҳамда Яқин Шарқ минтақасида гегемонликка интилаётганини таъкидлаб, бу ҳаракатларни танқид қилди.
Ташқи ишлар вазири, шунингдек, расмий Сурияни мамлакатдаги урушда кимёвий газдан фойдаланаётганликда айблади.
Эслатиб ўтамиз, Туркия Суриянинг шимолий ҳудуди ҳисобланган Африн шаҳрида жангари курдларга қарши кураш олиб бораётгани ҳақида маълум қилган эдик.