...
МЕНЮ
ONLINE TV

ФИФА президенти: “Осиёда ҳакамлар анча ривожланган, Равшан Эрматов фикримга исбот!”


16:02, 11.06.2018 Спорт
 5 293

Ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматов бошчилигидаги бригада жаҳон чемпионатида иштирок этади.

Бугун, 11 июнь куни Москвадаги “Кемпински отель” меҳмонхонасида жаҳон чемпионати бошланиши арафасида Осиё футбол Конфедерациясининг умумий йиғилиши бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.
 
Бу йилги Мундиалда Осиё қитъаси шарафини бешта терма жамоа – Эрон, Япония, Саудия Арабистони, Жанубий Корея ва Австралия термалари ҳимоя қилади.
 
Бугунги йиғилишда ФИФА Президенти Жанни Инфантино ва Осиё футбол Конфедерацияси раҳбари Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Ҳалифа жаҳон чемпионатида иштирок этувчи Осиё терма жамоалари ва ҳакамларга омад тилади.
 
“Осиёда футбол жадаллик билан ривожланиб боряпти. Умид қиламанки, бу йилги мусобақада Осиё терма жамоалари ҳам ўзларини ҳар томонлама кўрсата олишади. Айни пайтда Осиёда ҳакамлик соҳаси ҳам анча ривожланган. Сўнгги йилларда ушбу қитъадан бир қатор кучли реферилар етишиб чиқди. Жаҳон чемпионатининг финал босқичида энг кўп ўйин ўтказиш бўйича рекордчи ҳам бугунги кунда айнан Осиёлик ҳакам Равшан Эрматов бўлиб тургани ҳам фикримга исбот бўла олади”.
 
Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионатида Осиёнинг беш карра энг яхши ҳаками, ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматов бошчилигидаги бригада ҳам иштирок этади. Шунингдек, ўзбек футболи тарихида илк маротаба Алим Арифов жаҳон чемпионатида комиссар вазифасини бажаради.
 
Маълумот ўрнида, ЖЧ-2018 финал босқичи 2018 йилнинг 14 июнидан 15 июлига қадар Россиянинг Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Сочи, Нижний Новгород, Самара, Калининград, Екатеринбург, Саранск, Волгоград ва Ростов на-Дону шаҳарларидаги стадионларда бўлиб ўтади.
 
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Жанни Инфантино Равшан Эрматов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!