Идоранинг собиқ ходими Мубашшир Аҳмадга кўра, Фазлиддин Парпиев АҚШдан сиёсий бошпана сўраш ҳаракатига тушиб қолган.
“Фазлиддиннинг интервьюсида айрим ҳақиқатлар айтилган. Лекин шу билан бирга нотўғри ва мақсадли маълумотлар ҳам зикр қилинди. Жумладан хонадонма-хонадон юрилиб, рўмолга қарши тарғибот ишлари юритилди ва кўпларнинг соқоли олдирилди, дейилиши нотўғри. Рўмол масаласида мен бундай хабар эшитмаган бўлсам, соқол масаласида бошланишида бироз муаммо пайдо бўлган бўлса, ҳозир ҳаммаси жойида”, деб ёзади Мубашшир Аҳмад.
Фазлиддин Парпиев демократик давлатда диний эркинлик таъминланиши кераклигини айтиб, айрим соқол қўйганлар, ҳижоб ўраганлар ва Қуръонни ёдлаганларга тазйиқ бўлаётганини асоссиз иддао қилган.
Шундан сўнг, у ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида “Соқол қўйсангиз, русчани ҳам ўрганиб олинг” номли мақола эълон қилди ва кўп ўтмай ўзининг прокуратурага чақирилганини, бу воқеадан кейин мамлакатдан чиқиб кетганини айтиб чиқиш қилди. Фазлиддин Парпиевнинг иддаолари бугунгача жиддий қабул қилингани йўқ. Боиси у ҳатто прокуратура ходимларининг томонидан унга қандай муносабатда бўлинганини ҳам аниқ айтиб беролмаган. Унинг тушунишича, имомнинг прокуратурага чақирилиши – ҳуқуқлари топталиши билан баробар.
Идоранинг собиқ ходими Мубашшир Аҳмадга кўра, Фазлиддин Парпиев АҚШдан сиёсий бошпана сўраш ҳаракатига тушиб қолган:
“Суҳбатдан Фазлиддин нима қилиб бўлмасин, сиёсий бошпана сўраш ҳаракатига тушиб қолибди, деган таассурот қолди менда. Менимча муаммоларни бунчалик шиширмай ва бўрттирмай ҳам, бошпанага эга бўлиш мумкин бўлса керак. Ва сиёсий бошпана олмай ҳам киши чет элда рисоладагидек яшаши мумкин, деб ўйлайман. Мухбир ҳам “Кейинги икки йилда биринчи маротаба” деб янги қарама-қаршилик даврига старт бергиси келгандек гапирди”.
Мубашшир Аҳмад мақоласида иддао қилинишича, Фазлиддин Парпиевнинг Президентга мурожаати ва интервьюси бугунги жамиятнинг якдил фикри эмас. Ва бунга омманинг эътиборини тортиб, сиёсий мақсадлар йўлида фойдаланиш нотўғри. Бу ҳақда у шундай ёзади.
“Фазлиддин орқали ўзбек давлатчилигининг ҳозирги нозик даврида яна эски саҳифани очишга бўлган уринишларга қатъийян қаршиман. У нодир воқеа ва натижаси Фазлиддиннинг ўзига тегишли бўлиши керак. Бунга омманинг эътиборини тортиб, сиёсий мақсадларда фойдаланишларига йўл қўймаслик лозим.
Фазлиддин, нима қилган бўлсангиз, Аллоҳ учун қилдингиз, савобини Аллоҳдан умид қилинг! Олдинги ҳикмат ва фаросат ҳақидаги гапларим сизга тегишли эмас эди, энди бўлса сизни ҳам шунга чақираман. Гарчи сизнинг тасарруфингиз жуда катта фалокатга олиб боради, деб ўйламасам-да, шунга туртки бўлиб қолишидан хавотирдаман ва сиз ҳам масъулиятни ҳис қилинг! Ғанимлар томонидан мана яна Ўзбекистонда тазйиқлар бошланди, дея сизни бунга восита қилишларига йўл қўйманг. Илм олинг, беринг. Халқни Аллоҳнинг динига чақиринг. Аммо асло кимларнидир сиёсий мақсадлари қурбонига айланманг!”
Шавкат Мирзиёев Президент сифатида иш бошлаган илк кунларданоқ мамлакатда диний соҳада жуда катта ўзгаришлар кузатилди. Эътиқод ва виждон эркинлиги ҳақиқий маънода таъминланди. Дин соҳасида амалга оширилган ислоҳотларнинг эса саноғи йўқ. Мубашшир Аҳмад ҳам мақоласида шуларни назарда тутган ҳолда давлат раҳбари ва амалдорларнинг мусулмон эканини алоҳида урғулайди:
“Мамлакатимиз мусулмон мамлакат. Раҳбарларнинг биз таниганларимиз ҳаммалари мусулмон. Бундай давлатда давлатга қарши чиқиш, беқарорлик юзага келтириш жоиз эмас.
Давлат ва ҳокимият мақсадингиз бўлмасин! Чунки диннинг тарқаш воситаси ҳам, ниҳоий мақсади ҳам ҳокимият бўлмаган. Пайғамбар алайҳиссаломга Макка мушриклари томонидан ҳокимият таклиф қилингандаги жавобларини эсланг, сизга шунинг ўзи кифоя. Сиз ўзингизни ислоҳ қилсангиз, мен ўзимни ислоҳ қилсам ва у ўзини ислоҳ қилса, жамият ислоҳ қилинганлар ва давлат ислоҳ бўлган давлат бўлади-ку. Мақсад шу эмасми асли?
Исломга ғайратингиз, ихлосингиз ва бундаги шижоатингиз дин хизмати учун етарли эмас. Балки илм, ҳикмат йўлчи юлдузингиз бўлиши шарт. Бўлмаса алданасиз, хато қиласиз”.