Ҳозирда тегишли лицензияга эга 43 та нодавлат ҳамда халқ таълими тизимида 9680 та умумий ўрта таълим мактаблари мавжуд. 0,4 % ли нисбатнинг нуфузи ва салоҳияти қандай?
Энди, фарзандларимизни мактабга бериш масаласига юзма-юз келганда билдимки, мактаб таълими аввалги ҳолатидан анчагина ўзгариб кетибди.
Атрофдаги мактаблар ҳудудда яшайдиган аҳолининг ишончини оқламаганлиги сабабли ота-оналар ўз фарзандларини узоқда жойлашган мактабларга олиб борадилар. Мактаб даврида биз доим маҳалла ичидан мактабимизга етиб олардик, ота-онамиз ҳам шундан бехавотир ўтирган бўлсалар керак.
Кўпчилик мактабларда мутахассис кадрлар етарли эмас, борларини ҳам тажрибали, ўз ишини устаси деб бўлмайди. Халқ орасида “ўқитувчини иш ҳақига ким ҳам ишларди”, дейдиган бўлиб қолишди. “Бир кун туз еган жойинга ўн кун қуллуқ қил” деган нақлни ҳам унитмайлик, ҳурматли кам ойликка ишлаб “қаҳрамонлик кўрсатаётган” устозлар.
Бир туманда 3–4 та талабга жавоб беришга яқин мактаблар бор, шу мактабларга ўз фарзандининг келажагидан заррача умидвор ота-оналар навбат кутиб, “туртилиб-суртилиб” нуридийдаларини ўқувчиликка “жойлайдилар”.
Хусусий мактаблар пайдо бўлганидан бери маълум маънода “оғиримиз енгил” бўлди. Ҳар ҳолда тажрибали ўқитувчилар, оддий мактаблардан кечиб, шу ерда ўқитишни маьқул кўрмоқдалар. Умуман, ҳозирги кунда хусусий мактабларнинг кўпайиши таълим соҳасида рақобатни кучайишига хизмат қилиши кўзда тутилган эди. Аммо...
Аммо давлат мактаблари рақобатлашгандан кўра, ўқувчилари камроқ бўлганидан, кўпроқ ҳақ талаб қиладиган ўқитувчилар ўз муроди мақсадига етиб, ишини топиб кетганидан хурсанд бўлиб ўтирибдилар чоғи. Бу рақобатда хусусий мактаблар ғолиб чиққани аниқ бўлиб қолди. Энди фарзандини ўқитишга маблағи етарлилар фарзандига хориж стандартларига мос таълимни таъминлаб бера олади. Оддий, ўртаҳол оиланинг фарзанди ёзиш ва чизишни билса бўлдими?!
Хусусий мактабларни очишдан мақсад, ушбу мактабларда хориж таълим стандартларига жавоб берадиган таълим беришни йўлга қўйиш экан, бу борада бу мактабларда хорижлик мутахассисларни жалб қилиш таъкидланмоқда. Давлат мактабларида хориж таълим стандартларига жавоб берувчи ўқитиш тизимини жорий қилиб бўлмайдими?! Хорижлик ўқитувчиларни оддий мактабга ҳам чақирсак-чи?!
Ҳозирги кунда аксар мактабларда “пуллик синфлар” очилди. “Пуллик синфда” ўқиган бола худди шу мактабдаги оддий синфга ўтиб ўқий олмади. “Дарс ўтишмас экан у синфда”, деди ўқувчи. Каминани жаҳон тажрибаси ёки қоғозлардаги назария эмас, инсонларнинг, халқнинг фикрлари кўпроқ қизиқтиради. Айни кунда эса, халқ давлат мактаблари ҳолатини қониқарли эмас, дея ҳисобламоқда. Хусусий мактабга фарзандини ўқитгиси келмоқда-ю, маблағи етарли эмас.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг"Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига Шарҳда шундай дейилади: “Хорижий тажрибалар давлат ва нодавлат таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат фуқароларнинг сифатли таълим олишга бўлган ҳуқуқини рўёбга чиқаришга хизмат қилишини кўрсатмоқда. Шунинг учун ҳам бир қатор ривожланган хорижий мамлакатларда нодавлат таълим секторининг умумий ўрта таълимдаги улуши юқори бўлиб, Германияда 12 фоизни, Францияда 17 фоизни, АҚШда 18 фоизни, Буюк Британияда 20 фоизни, Испания, Ирландия ва Голландияда 30 фоизни ташкил этади”
Ўзбекистонда энг кам ойлик иш ҳақи 149775 сўмни ташкил қилади. Хусусий мактаблар ўқитиш учун эса ойига 700 000дан 2,0 млн гача ҳақ тўлаш лозим. Мисол тариқасида 30%и хусусий мактаб дея келтирилган Голландияда энг кам ойлик иш ҳақи 1551 еврони ташкил қилади. Хусусий мактабларда ўқиш ойига 1700 еврога тенг. Яьни, мамлакатимиздаги хусусий мактабларнинг нархи энг кам ойлик иш ҳақидан камида 10 баравар кўп, Голландияда эса хусусий ўрта мактабда ўқиш деярли энг кам ойлик иш ҳақининг бир бараварига тенг.
Ҳозирги кунда республикада 43 та нодавлат умумий ўрта таълим мактаби тегишли лицензияга эга бўлиб, халқ таълими тизимидаги 9680 та мактабга нисбатан уларнинг улуши 0,4 фоизни ташкил этади. Бу мактабларнинг асосий қисми Тошкент шаҳрида ва 0,4 % инсонларнинг мактаб тизимига бўлган қарашларини ўзгартиришга етиб ортяпти.
Биз кимнидир тирикчилигини “белига тепиш” ёки хусусий мактабларни қоралаш ниятимиз йўқ. Давлат мактаблари рақобатбардош ҳолатга келишини, хусусий мактабларда ўқиш тўловлари “ақлга сиғадиган” бўлишини, фарзандларимни кўнглим тўқ бўлиб, ёнимдаги мактабга олиб боришни, мактабда эртамизнинг эгаларига муносиб таълим берилишини истаймиз, халос.
Бу борада, албатта, сизнинг ҳам “бир тугун” ўйлаб қўйганларингиз борлиги аниқ, шу мавзуда, фикрларингизни, таклифларингизни кутамиз.